“Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканали ташкил этилади

“Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканали ташкил этилади

vreaorvkeryukpyukpkvervkeovk.jpg

Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони имзоланди. Унда диний йўналишда ҳам қатор янгиликлар назарда тутилган.

Фармонда шундай бандлар бор:

 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Фанлар Академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан биргаликда уч ой муддатда буюк аллома ва уламоларимиз, айниқса, Имом Бухорийнинг бебаҳо меросини кенг кўламда оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида, индонез, бенгал, малай, турк, араб, ҳинд, урду, пушту ва бошқа хорижий тилларда “Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканалини, хорижий мамлакатларда унинг мухбирлари фаолият олиб боришини назарда тутган ҳолда ташкил этиш ва уни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

 

Самарқанд вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Қурилиш вазирлиги ва Қўмита билан биргаликда икки ой муддатда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофидаги 8 нафар буюк уламоларнинг қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепциясини, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги Қўмита, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Самарқанд шаҳрида ислом дини, минтақадаги мавжуд дин намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбонни яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

 

Бухоро вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Бухоро шаҳрида ислом дини тарихи ва мусулмон оламида машҳур бўлган шахслар тўғрисида маълумот берувчи инновацион музейни қуриш ва уни ривожлантириш концепцияси бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

 

Шунингдек мазкур фармонда Ўзбекистон ичида янги авиарейслар ва поезд қатновлари йўлга қўйилиши, мамлакат фуқаролари ҳам мамлакат ичида туристик йиғим тўлаши, қатор байрамларда ишланмайдиган кунлар камида 3 кун деб белгиланиши назарда тутилган.