“Имом Бухорий ҳаёти” асари таржима қилиниб, нашр этилди
“Имом Бухорий ҳаёти” асари таржима қилиниб, нашр этилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг кутубхона фондини хорижий адабиётлар билан бойитиш тўғрисида”ги қарорида Ўрта Осиё заминидан етишиб чиққан буюк алломалар ва мутафаккирларнинг бебаҳо илмий-маънавий меросига доир чет элларда чоп этилган хорижий адабиётларнинг мазмун-моҳиятини келажак авлодга етказиш вазифаси белгилаб берилган эди.
Ана шундай адабиётлардан бири XIX асрнинг иккинчи ярми ХХ асрнинг биринчи ярмида фаолият олиб борган олимлардан бири Муҳаммад Жамолиддин Қосимийнинг қаламига мансуб “Имом Бухорий ҳаёти” рисоласидир.
Олимнинг ушбу асарида Имом Бухорий ҳаётига дахлдор маълумотлар қисқа сатрларда, ортиқча тафсилот ва талқинларсиз берилган. Унда Имом Бухорий ҳақида ўзбек тилидаги бошқа манбаларда учрамайдиган маълумотларнинг ҳам келтирилиши эътиборлидир.
Рисолада буюк ватандошимиз – “Ҳадис илмининг султони” Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси ёритилган. Алломанинг устоз ва шогирдлари, асарлари ҳақида маълумотлар, асарларидан намуналар келтирилган.
Муҳаммад Жамолиддин Қосимийнинг “Имом Бухорий ҳаёти” рисоласи Ҳасан Расулов томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилди.
Рисола соҳа мутахассисларига, талабаларга ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.




