Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш масалалари муҳокамаси
Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш масалалари муҳокамаси

Президент Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштиришга доир таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда хусусий секторни ривожлантириш ва инвестициялар жалб қилиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Бугунги кунда иқтисодиётда давлат улуши 42 фоизни, давлат иштирокидаги корхоналарнинг сони эса 1 минг 685 тани ташкил этмоқда. Хусусан, ўтган йили қарийб 30 триллион сўмлик давлат активлари хусусийлаштирилиб, бюджетга 10 триллион сўмдан ортиқ тушум таъминланди. Ер участкаларини сотиш ҳажми ҳам изчил ошиб, 6 триллион сўмлик натижага эришилди.
Хусусийлаштиришдан манфаатдорлик тизими жорий этилиб, вилоятларда 2,6 триллион сўм, маҳаллаларда эса 7 миллиард сўм маблағ қолди. Давлат корхоналари эса бюджетга 49 триллион сўм дивиденд тўлади. Умуман, сўнгги беш йилда хусусийлаштириш ҳисобидан давлат корхоналари сони 60 фоизга камайди.
Тақдимотда давлат корхоналарини таҳлил қилиш тизимида замонавий рақамли воситалар ва сунъий интеллект имкониятларидан етарли даражада фойдаланилмаётгани қайд этилди. Молиявий ҳолати оғирлашган 451 та корхона 2024 йилда 14 триллион сўм, ўтган йили эса 362 та корхона 4 триллион сўм зарар кўргани айтилди. Шу муносабат билан давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, молиявий барқарорлигини баҳолаш ва муаммоларни барвақт аниқлашнинг янги механизмини жорий этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлат активларини бошқариш агентлигида рақамли технологиялар лойиҳа офисини ташкил этиш таклифи билдирилди. Ушбу тизим доирасида хусусийлаштиришнинг барча жараёнлари онлайн кузатиб борилади, давлат корхоналарининг молиявий таҳлили ва тушумларни тақсимлаш жараёнларига сунъий интеллект элементлари жорий қилинади.
Президент иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш, активлардан самарали фойдаланиш ва хусусийлаштириш жараёнларини замонавий ёндашувлар асосида тезлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.