Иқтидорли бошқарувчиларни саралаш ва янги авлод раҳбарларини тайёрлаш вазифалари
Иқтидорли бошқарувчиларни саралаш ва янги авлод раҳбарларини тайёрлаш вазифалари

Президент Шавкат Мирзиёев иқтидорли бошқарувчилар, лидерлар ва янги авлод раҳбарларини аниқлаш ва танлаш ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.
Бугунги кунда Ўзбекистон интеллектуал салоҳият ва юқори технологияларга асосланган янги ривожланиш босқичига ўтмоқда. Мамлакатимизга ҳар йили 50 миллиард доллардан зиёд инвестиция кириб келмоқда, экспорт ҳажми 40 миллиард долларга яқинлашмоқда, замонавий корхоналар ишга туширилмоқда.
Бундай шароитда профессионал давлат хизмати ва рақобатбардош иқтисодиёт учун зарур кадрларни олдиндан тайёрлаш стратегик аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда давлат бошқарувида кадрларни танлаш ва баҳолаш тизими изчил рақамлаштирилди. Илк бор 87,7 минг нафар давлат хизматчисининг ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилди. Давлат хизматига қабул қилиш очиқ танлов асосида, номзодларнинг билим ва кўникмаларини инсон омилисиз баҳолаш орқали амалга оширилмоқда.
Тақдимотда сунъий интеллект ёрдамида тармоқлар ва ҳудудларнинг драйвер соҳалари таҳлил қилиниб, 50 дан ортиқ замонавий касб бўйича бошқарув кадрларига эҳтиёж мавжудлиги аниқлангани қайд этилди. Айниқса, энергетика ва “яшил” технологиялар, қурилиш ва урбанизация, қишлоқ ва сув хўжалиги, рақамлаштириш ҳамда хизмат кўрсатиш йўналишларида малакали мутахассисларга талаб юқори.
Давлатимиз раҳбари тайёр кадрлар базаси бўлмаса, бошқарув тизимида узилишлар юз бериши, иш самарадорлиги ва қарорлар сифати пасайишини таъкидлади.
Президентимиз кадрларни саралашда очиқлик ва холисликни таъминлаш, иқтидорли мутахассисларни тизимли равишда қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг салоҳиятидан мамлакат тараққиёти йўлида самарали фойдаланиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.