II Халқаро мақом санъати ғолиблари

II Халқаро мақом санъати ғолиблари

yryryrpypr.jpg 

     Жиззах вилояти Зомин туманида 27–30 июнь кунлари ўтказилган II Халқаро мақом санъати анжуманида  ЮНЕСКО ва ISЕSCO шафелигида ўтказилган халқаро танловда дунёнинг 16 давлати, жумладан,  Озарбайжон, Қирғиз Республикаси, Хитой, Марокаш, Туркманистон, Иордания, Япония, Тожикистон, Эрон, Тунис,  Ҳиндистон, Миср, Индонезия, Туркия, Қатар ҳамда Ўзбекистондан жами 95 нафар мақом ижрочилари иштирок этди. 

     Ҳакамларнинг якуний хулосаларига кўра Гран-при – Эрон Ислом Республикасининг “Форс” ансамбли солисти Али Асғар Арабшоҳийга насиб этди. У 15 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.

     Танловда ансамбл жамоалари орасида биринчи ўринни Ўзбек миллий мақом санъати маркази Юнус Ражабий номидаги мақом хонандалари ансамбли эгаллади. Яккахон ижрочилиги бўйича Тожикистон миллий консерваторияси гуруҳи яккахон ижрочи солисти Хуршид Иброҳимзода қўлга киритди. Ғолибларга 10 минг АҚШ долларидан мукофот берилди.

     Иккинчи ўринни Ўзбекистон Мақом маркази Жиззах ҳудудий бўлими мақом ансамбли ҳамда Туркия давлати яккахон ижрочиси Чидем Гурдал эгаллади. Уларнинг ҳар бири 7 минг АҚШ долларидан мукофот билан тақдирланди. 

     Ансамбл жамоалари орасида учинчи ўринни Хитойнинг “Шинжон” бадиий театри “Мақом” бадиий труппаси, яккахон ижрочилардан ҳиндистонлик Али Амжад Хон эгаллади. Ғолибларга 5 минг АҚШ долларидан берилди. 

     Шунингдек, “Энг яхши мақом хонандаси”, “Энг яхши мақом созандаси”,  “Энг яхши мақом устози”, “Энг яхши мақом тарғиботчиси”, “Энг яхши ёш мақомчи”, “Энг яхши мақом бастакори” каби номинациялар ғолиблари ҳам тақдирланди. ЮНЕСКО, ISЕSCO, ТУРКСОЙ номидан совғалар ҳам эгаларига топширилди. Анжуманнинг ҳар бир иштирокчисига “Халқаро мақом санъати анжумани иштирокчиси” сертификати  берилди.