“Ҳидоят йўлининг сарбони”

“Ҳидоят йўлининг сарбони”

srtjhtsjskjskrfgasfgtaewfewfawe.jpg

Буюк фақиҳ имом Бурҳониддин Марғиноний иккинчи марта ҳаж сафарига отланганда Самарқандни тарк этишга улгурмай оғир хасталикдан вафот этди. Тарихчи Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг “Самария” асарида ёзилишича, бу ҳодиса ҳижрий 593 йил зулҳижжа ойининг ўн тўртинчи куни сешанбада (милодий 1197 йил 29 октябрда) содир бўлди. Уни мусулмон оламининг энг табаррук қабристонларидан бири – Чокардиза қабристонига дафн этганлар.

Мавлоно Бурҳониддиннинг қабри тўғрисида Абу Тоҳирхожа Самарқандий жумладан шундай дейди: “Мавлоно Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг мозори... Чокардиза қабристонида, катта кўчанинг кунботарида, ҳовузга ўхшаган чуқурнинг ёнидадирким, шу катта йўл ўша ҳовуз орқали шарқий-шимолга қараб ўтади. Мавлоно Бурҳониддиннинг қабри ўша катта йўлнинг жануб тарафида, пишиқ ғиштдан қилинган баланд суфададир”.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Китоб ал-Ҳидоя” (қисқача номи “Ҳидоя” – “Тўғри йўл”) асари нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун ислом шарқида бир неча тилларга таржима этилиб маълум ва машҳур бўлиб кетган. Бу китоб фиқҳ илми бўйича энг аниқ, изчил, мукаммал асардир. Ундан асрлар давомида ислом ҳуқуқшунослиги бўйича нуфузли ҳуқуқий манба – асосий қўлланма сифатида фойдаланилган.

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида ёзилишича, аллома нафақат уламолар, балки оддий халқ орасида ҳам “ҳидоят йўлининг сарбони” дея катта ҳурмат-эътибор топган. Бурҳониддин валмилла (ислом динининг далили, исботи) деган шарафли номга сазовор бўлган. Ҳозир ҳам жаҳондаги кўп олий ўқув юртларида мусулмон ҳуқуқшунослиги фанлари Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ таълимоти асосида ўрганилади.

Ўзбекистонда 1997 йилда милодий сана бўйича улуғ аллома вафотининг 800 йиллиги, 2000 йилда ҳижрий сана бўйича таваллудининг 910 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Марғилон шаҳри марказида Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуи бунёд этилиб, шу ерда унинг рамзий мақбараси ўрнатилди.