“Хотира йўлаги” кўргазмаси

“Хотира йўлаги”  кўргазмаси

 

 ordlgzgr.jpg

 

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Фанлар академияси Тарих институти ва Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ҳамкорлигида Туркистондаги жадидчилик ҳаракатига бағишланган кенг кўламли “Хотира йўлаги” деб номланган кўргазма очилди.

Кўргазма XIX аср охири ва ХХ аср бошларидаги Туркистон тарихига, айниқса, маърифатпарвар боболарнинг таълим ислоҳотлари, жамият тараққиётига оид фикрлари ва ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ҳаракатларига бағишланган материаллари билан танишиб чиқиш имконини беради. Жадидчилик ҳаракатининг турли қирраларини ўрганишни ўз ичига олган “Хотира йўлаги” кўргазмаси маърифатпарвар ватандошларимизнинг ҳужжатлари,  фотосуратлари,  шахсий буюмларини намойиш этиш билан бирга уларнинг эзгу орзу-интилишларининг моҳиятини очиб беришда катта аҳамият касб этади.

  Кўргазмада Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг пайдо бўлишига туртки берган омиллар, ўша даврдаги ижтимоий-иқтисодий вазият, янги услубдаги мактаблар ташкил  этилиши, театр санъати, матбуотнинг фаолияти,  гендер тенглик масалаларини қамраб олган экспонатлар билан танишиш мумкин.