Хаттот Усмон Тоҳо
Хаттот Усмон Тоҳо

Асл исмлари Абу Марвон Усмон ибн Абдуҳ ибн Ҳусайн ибн Тоҳо бўлган бу зот Суриянинг Ҳалаб вилояти қишлоқларидан бирида 1934 йилда дунёга келганлар. Оталари имом ва масжид хатиби шайх Абдуҳ Ҳусайн Тоҳо бўлиб, давлат котиблари раиси, Ислом шариъати борасида алоҳида унвон соҳиби, араб тилини яхши биладиган ва тасвирий санъат ҳамда нақшинкор ёзувлар мутахассиси эдилар.
Усмон Тоҳо хаттотлик борасидаги дастлабки билимларни тақрибан олти ёшларидан бошлаб оталари Абдуҳ Ҳусайн Тоҳодан оладилар. Кейинчалик оталари уни “Ҳалаб” вилоятига юборадилар. Бу ерда Усмон Тоҳо бошланғич синфда ўқий бошлайди. Шу аснода хаттотликда машҳур бўлган кўплаб устозлар билан танишади, улардан бир неча турдаги ёзувларни ўрганди. Кейинчалик у Дамашққа келиб, устоз Муҳаммад Дийронийдан дарс олади. 1964 йил Дамашқ унверситетининг “Шариат” ва “Таълим-тарбия” факультетини тамомлайди.
Усмон Тоҳо “Ислом олами хаттотлари раиси” бўлмиш Устоз Ҳомиддан “Ҳусни хат” (гўзал ёзув) бўйича “Ижоза”- гувоҳномани олади.
Усмон Тоҳо шундан сўнг бор иқтидор ва маҳоратларини ишга солиб Қуръони каримни ёзишга киришди. Биринчи марта 1970 йилда мусҳафни ёзиб тугатиб, уни Сурия “Вақфлар вазирлиги”га тақдим қилди.
Усмон Тоҳо чиройли ёзиш ва ёзув қоидаларига риоя қилиш билан бир қаторда, “Танзим” яъни, тартибга солиш ва “Табвиб” яъни, жузларга ажратиш каби янгиликларни киритди. Бундан илгари қуръони каримнинг ёзишдаги услуб, калималарни кетма кетлиги билан то (мусҳаф) охирига қадар ёзиб борилар эди, буни қуръони карим оятларини ёзишга маҳоратли бир хаттот амалга оширар эди. Мана шундай услубда ёзилган мусҳафлардан бири “Ҳаддод” номи билан машҳур бўлган Хаттот Мабдаъ Муҳаммадсаид Иброҳимнинг “Мусҳафул Азҳар” ёки “Мусҳафул Ҳарамайн” деб номланган мусҳафи булиб, хаттот бунда (Қуръоний) калималарни мусҳафни бошидан то “Нос сураси” охиригача кетма-кетлик билан ёзиб борган. Шунда мусҳаф 522 саҳифа бўлган.
Ул зотнинг кўп меҳнатлари натижасида Қуръоннинг ҳар бир жузига боблар қўйиб, ҳар бир жузни 20 саҳифа қилди. Мусҳаф 600 саҳифа бўлган эди, лекин “Фотиҳа” сураси ва “Бақара” сурасининг биринчи бетига чиройлий шакл бериш учун икки бет, охирги жузда “бисмиллаҳ...” билан сураларнинг ажратилиши кўп бўлгани учун яна икки бет қўшилиб, жами 604 саҳифа бўлди. Бундан ташқари Усмон Тоҳо мусҳафнинг ҳар бир саҳифасини оят билан бошлаб, оят билан тугатди. Бу ҳам Усмон Тоҳонинг ўзига хос услубларидан биридир.
Унинг мана шундай машаққатли меҳнатлари ва мусҳафни ёзишдаги янгича услублари натижасида “Мадина мусҳафи” Ислом оламида кенг тарқалди.
Усмон Тоҳо 1988 йилда Саудия Арабистонига келиб, Мадинаи Мунавварадаги “Мусҳафуш шариф”ни чоп этишга ихтисослашган Малик Фаҳдга қарашли академиянинг хаттоти, “Мадини мунаввара мусҳафи”нинг котиби этиб таъйинландилар ва мана шу йилнинг ўзида ҳар уч йилда “Истанбул”да ўтказиладиган “Арабий ёзувлар” мусобақаси ҳакамлар ҳайатига аъзо бўлдилар.
Усмон Тоҳо ҳазратлари ҳозирга қадар қуръони каримни 14 марта тўлиғича ёзиб чиққанлар. Ҳозирда биз ўқиётган қуръонларнинг аксарияти у кишининг хатлари асосида чоп эттириб келинмоқда.




