“Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонлари тантанали топширилди

“Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонлари тантанали топширилди

vnolvlvnrtyupryukpyukpkp.jpg

29 июль куни 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини мукофотланганларга тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининиг 2021 йил 1 июндаги тегишли қарорига асосан кўкрак нишони билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари,  чет элдаги ватандошлар тақдирланиши кўзда тутилган.

 

Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов юксак  мукофотга сазовор бўлганларни самимий муборакбод этиб, бугун юртимизда 130 тадан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Қолаверса, республикамизда таълим 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилади. Бугунги кунда 12 тилда телекўрсатув, 13 тилда радиоэшиттиришлар эфирга узатилмоқда.

 

Президентимиз ташаббуси билан бу йил мамлакатимизда биринчи марта ўтказиладиган “Халқлар дўстлиги куни” диёримизда миллатлараро тотувликни таъминлаш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга замин яратади. Дунёдаги кўзга кўринган атоқли олимлар ва давлат арбоблари кўпмиллатли ва кўпмаданиятли жамиятларни оқилона бошқариш соҳасида Ўзбекистон тўплаган ўзига хос тажриба дунёдаги қатор давлатлар учун ибрат бўла олишини яққол таъкидламоқда.