Халқимизда хайр ва саховат фазилати

Халқимизда хайр ва саховат фазилати

ukpykeryuryfurfukpuk.jpg

          Хайр ва саховат, муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзиш инсонсеварлик белгиси бўлиб, ҳар бир шахс учун энг олий сифатлардан ҳисобланади. Меҳр ва шафқат, кишини фақат эзгу ишларга чорлайди. Тор доирада қолиб кетмаслик, ўзгалар манфаатидан ўз шахсий манфаатини устун қўймасликни билдиради. Кишини ҳалол яшаш, яхши амалларни бажаришга ундайди.

Ҳазрат Навоий ҳам қуйидаги мисралар орқали меҳр ва шафқат, бошқаларнинг ҳам ғамида бўлиш хислатини ҳақиқий инсонийлик белгиси деб кўрсатади:

Одамий эрсанг демагил одамий,

Оники йўқ ҳалқ ғамидин ғами.

          Навоийнинг ушбу мисрасида халқимизнинг инсонсеварлик, меҳр ва саховат каби фазилатлари ўз аксини топган. Чунки хайр ва саховатли ва карамли бўлиш хислати азалдан ўзбек халқи характерининг ажралмас қисмига айланиб келган ва тарих зарварақларида из қолдирган.

 

          Туркий халқлар, айниқса, ўзбек халқи давлатчилиги тарихида меҳр ва шафқат билан йўғрилган хайр ва эҳсон, саховат ва кўмак қанча чексиз бўлганининг гувоҳи бўламиз. Жумладан, Қорахонийлар даврида давлат арбоблари, бадавлат кишилар, хайр ва эҳсон эгалари Бухоро, Самарқанд шаҳарлари ва бошқа жойларда саройлар, дўконлар ва ҳаммомлар қуриб, баъзан ўз ерларини мадрасаларга вақф қиларди. Вақф институти, “Жамғарма”нинг бошланғич шакли сифатида биринчи марта ислом мамлакатларида юзага келиб, охирги даврларда Ғарб мамлакатларида “фундишан” шаклини олган. Вақф этилган мулк ва жой, расмийлаштирилгандан кейин ўз эгаси тасарруфидан чиқиб, мустақил бир мулкка айланади ва суд орқали идора қилиниб, даромади вақф қилинган муассасаларга топширилади. Ҳеч ким, ҳатто давлат ҳам уни сотиш, ёки сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

ayukrykeorfyupkfpu.jpg

         Темурийлар даврига келсак, ўзбек аёлларида хайр ва эҳсон олий фазилатини, Бибихоним ва Гавҳаршодбегим тимсолида кўриш мумкин. Таниқли тарихчи Тўрғун Файзиев “Темурий маликалар” китобида берган маълумотларга кўра, Темурий малика Бибихоним Самарқанд шаҳрида унинг номи билан аталган жомъе масжид тўғрисида, ҳашаматли катта мадраса қуриб, унда таълим олаётган талабаларнинг барча харажатини таъминлаб турар экан.

 

Темурийлар даврида хайр ва саховат эгалари кўп бўлган, улардан бири Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий эди. Абдураҳмон Жомий айтганидек, “унинг минглаб гектар экинзорлари бор, лекин уларнинг даромади беҳишт йўлига бориш озуқаси ҳисобланади”, яъни Худо йўлида хайр ва саховат ҳамда муҳтожларга ёрдам кўрсатишга бағишланган. У қурдирган масжид ва мадрасалар Тошкент ва бошқа жойларда мавжуд ва Хожанинг вақфномасида кўрсатиб берилган. Унинг энг эътиборли эзгу ишларидан бири — Самарқанд ва Бухоро аҳолисига кўмак тариқасида улар тўлай олмаган икки йиллик ер солиғини давлатга тўлашдан иборат бўлганди.

 

Мустабид тузум даврида ҳам, ўзбек халқи хайр ва саховат олий хислатини ҳеч қачон, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши вақтида ҳам унутган эмас. Улар Ватан ҳимояси учун фашизмга қарши урушга қатнашган ўн минглаб фарзандлари ва бошқа миллатлар фарзандлари учун бор-у йўқлари, ҳаттоки аёллар ўз олтин ва кумуш тақинчоқларини моддий қўллаб-қувватлаш сифатида фронтга юборган. Бу эса дунёда мисли кўрилмаган ва одамларни ҳайратлантирувчи саховат ва эҳсон олий намунаси ҳисобланади.

 

Ўзбекистон мустақиллигидан кейин хайр ва эҳсон фазилати янада ўзига хос тус олди ва турли соҳаларда ўз аксини топиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ-5416-сонли “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 8-, 9-бандида кўрсатилган йўлланмалари асосида, Ўзбекистон диний идораси таркибида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиб, амалий иш бошлади. Бу ташаббус ўзбек давлатчилиги тарихида унутилмас из қолдириб, илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшган вақф институтининг замонавий услубда тикланишидан иборат бўлиб, барча мўмин-мусулмон ватандошларимиз эътибор ва ишончини ўзига жалб этмоқда.

 

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти томонидан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати эълон қилиниб, муҳтож шахслар ва кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш йўли очиб берилди. Бу ҳақда давлат раҳбари шундай деган эди: “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намойиши бўлишига ишонаман”. Бу — ҳаққоний эътироф. “Сардоба” туманида юз берган сув тошқини фожиасидан зарар кўрган юзлаб оилаларга хайр ва эҳсон эгалари, инсонпарвар оилалар ва фирмалар томонидан жўнатилган беҳисоб озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар, нақд пул, ҳатто болалар учун юборилган ўйинчоқларда ўз тасдиғини топди.

 

Бир сўз билан айтганда, хайр-саховат, кишиларга ёрдам қўлини чўзиш инсонийликнинг энг олий хислатидир. Аждодларимиздан бизга мерос бўлган ушбу азалий қадрият, анъаналарга риоя қилиш, келажак авлодларга етказиш ҳар биримизнинг олдимизда турган мақсадларимиздан бири. Ҳозирги кунда ҳам бунинг амалий ифодасини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Инсоният бошига келган бугунги коронавирус пандемияси шароитида ҳам кишилар чин инсонийлик тамойилларига амал қилган ҳолда, юртдошларига ёрдам бермоқдалар. Давлат раҳбари ва масъул мутасаддиларнинг бу борадаги кўрсатма, тавсиялари ҳамда белгиланган тартиб-қоидаларга фуқароларимиз амал қилишяпти. Зеро, бу синовли кунлар ҳам ортда қолади. Ўзбек халқи илм-маърифат, сабр-матонатли миллат. Мана шу кунларда ҳам ўзаро ҳамжиҳатлик, бир-биримизга кўрсатган меҳр-мурувват, хайр-саховатимиз билан ушбу синовларни, албатта, енгиб ўтамиз.

 

Абдуҳаким Шаръий ЖУЗЖОНИЙ,

 

юридик фанлари доктори, профессор