Халқаро илмий конференция ўз ишини якунлади

Халқаро илмий конференция ўз ишини якунлади

 

avyavrvruykeuk.jpg 

 

         Термиз шаҳрида “Имом Бухорий, Доримий ва Термизий: муҳаддисликнинг Мовароуннаҳр мактаби” мавзусидаги халқаро илмий конференция бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.

         Конференцияда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Музаффархон Жониев, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Жазоир Ислом фанлари ва цивилизацияси тадқиқотлари маркази директори Аҳмад Бенсағир сўз олиб, мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритди. 

         Шунингдек, конференцияда “Ҳанафий усулида ҳадис истилоҳлари – Косоний мисолида”, “Халқаро илмий-тадқиқот марказлари муштарак мақсад йўлида”, “Имом Доримий ва Имом Бухорий ўртасидаги илмий алоқалар”, “Имом Мотуридий “Таъвилот-ул Қуръон” асарида ҳадислардан фойдаланиш услублари” мавзусида маърузалар тингланди. Анжуман иши 2 та шўъбага бўлинган ҳолда олиб борилди. Самарқандда таваллуд топган Имом Доримий ва Бухорода туғилган Имом Бухорий шахсига тўхталиб ўтилди.

         – Имом Бухорий ҳақида узоқ вақт давомида кўплаб тадқиқотлар қилинган бўлса-да, Доримий ҳақидаги тадқиқотлар чекланган, - деди  Туркиянинг Анқара университети профессори Бунямин Эрул. Бир минтақадаги икки муҳим ҳадис имомларининг ўзаро алоқалари бор-йўқлиги ва улардан бири иккинчисининг ривоятларидан, ҳаттоки, асарларидан баҳраманд бўлганлигини аниқлашга ҳаракат қилдик. Албатта, жараён узоқ вақтни талаб этади. Биз эса, бу йўналишдаги ишларимизни давом эттирамиз.

         Шунингдек, конференцияда “Тасаввуф эволюцияси ва Ҳаким Термизийнинг бу соҳадаги ўрни (Француз шарқшуноси Пол Нвия тадқиқотлари асосида)”, “Имом Термизий ва унинг илмий мероси”, “Имом Бухорий Пайғамбарнинг ҳадислари ўртасидаги уйғунликнинг асосчисидир” мавзуидаги маърузалар тингланди. 

         Жазоир Ислом фанлари ва цивилизацияси тадқиқотлари маркази директори Аҳмад Бенсағир Жазоирда ҳадис илми 4 ҳижрий асрдан бошлаб жазоирлик олимлар томонидан катта эътиборга сазовор бўлганлигини, айниқса, бу илмда амирул муҳаддисийн бўлган Имом Бухорийнинг Саҳиҳ ал-Бухорий китобига халқимизнинг муҳаббати ўзгача эканини таъкидлади.

         Саҳиҳ ал-Бухорий Жазоирга бир нечта йўналишда етиб келган асарни шарҳлашда кўплаб жазоирлик олимлар меҳнат қилишганини ҳамда буюк бобокалонимиз Имом Бухорийнинг асарларини Жазоир мамлакатида севиб ўқишларини таъкидлаб, ушбу мамлакатда сақланаётган Саҳиҳ ал-Бухорий асарининг қадимги нусхаларини суратларда намоён этди. 

         Халқаро конференцияда 40 га яқин илмий маърузалар тингланди.   Конференция якунида иштирокчилар ташкилий қўмита томонидан сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.