Халқаро анжуман иштирокчилари Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди
Халқаро анжуман иштирокчилари Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди

Имом Бухорий меросига бағишланган халқаро анжуманда қатнашиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган қардош Тожикистон ва Афғонистон давлати делегацияси Ҳадис илми олий мактабида бўлдилар. Хорижлик делегация вакиллари ҳамда уларга ҳамроҳлик қилган Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Тўйчибоевич Ахмедов шунингдек бошқа бир қатор меҳмонларни мактаб ректори Олимхон Юсупов бошчилигидаги мактаб жамоаси кутиб олдилар.
Меҳмонлар Ҳадис илми мактабида дарс ва машғулотлар учун яратилган шарт-шароитлар, ахбарот-ресурс марказини кўздан кечиришди. Хорижий ва маҳаллий мударрисларнинг малакали дарс жараёнларида иштирок этиб, талабалар билан ҳадис ва фиқҳ илми борасида савол-жавоблар қилишди. Мулоқотлар жараёнида талабаларнинг араб тилида эркин ва равон сўзлашлари, берилган саволларга қилган жавобларидан мамнунликларини яширмадилар.
Афғонистон ва тожикистонлик уламолар шунингдек мактабда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан тингловчиларнинг турар жойи, ошхона, спорт зали, сузиш ҳавзаси ва бошқа қулайликлар билан ҳам танишдилар.

Икки қардош халқ уламолари давлатимиз томонидан диний соҳада мисли кўрилмаган эзгу ва хайрли ишлар қилинаётганинига ҳадис илми мактаби мисолида яна бир карра амин бўлганликларини эътироф этишди.
Шундан сўнг, халқаро конференция иштирокчилари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Марказ директори Ш.Зиёдов муассасанинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар хусусида сўзлаб берди.
Марказ музей фондидан ўрин олган турли экспонатлар, деворий суратлар ва китоблар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази томонидан ҳадя этилган хаттотлик намуналари кўргазмаси билан танишдилар.





