Ганчкорликнинг меъморчиликдаги аҳамияти

Ганчкорликнинг меъморчиликдаги аҳамияти

yekreoekrvepyrukp.jpg

          Ганчкорлик кадимий амалий санъат турларидан бири бўлиб,  у дунё, жумладан, Марказий Осиё, Эрон, Туркия, Арабистон Ҳиндистон ва бошқа Шарқ меъморчилигида жуда кенг қўлланилади. Ганчкорлик биноларни безашда, девор, шифтларни пардозлашда, безак шакллар ва ўйма нақшлар яратишда кенг қўлланилади.   Ганчкорликда безак икки усулда бажарилади: бино девори ганч сувоқ қилиниб, безатиладиган қисмига ўйма нақш ишланади; қолипда тайёрланган безак ганч шакллари   безатиладиган сиртга ўрнатилади.

         Ҳозирги кунда ганч пардози серқуёш Ўзбекистонимизда ардоқланиб ва авайлаб мухофаза килинаётган кўпгина ёдгорлик обидаларига кўркамлик, гўзаллик бахш этиб турибди. У Самарканд, Бухоро, Тошкент, Қўқон, Фарғона, Термиз, Хива, Шахрисабз ва бошка шаҳарлардаги тарихий обидаларни пардозлашда ва безатишда ишлатилган.
         Ганч ўймакорлик санъати асрлар давомида ўзига хос услуб билан ривожланиб келди. Марказий Осиё худудида 1-асрдан ганчга ўйма нақш ишланган. III асрда Тупроққалъанинг серҳашам сарой меҳмонхоналари ўйма ганч билан безатилган. Варахшадаги топилмалардан, YI-YIII асрлардаги Бухоро саройи қолдиқлардан ганчкорлик намуналари топилган.

        Ганчкорликнинг гуллаб-яшнаган даври XVIII асрнинг охири XIX асрнинг бошлари бўлди. XIX асрнинг бошларида буюк ганч ўймакорларидан Абдураҳим Ҳаётов, Уста Мурод, Уста Фузайл, Уста Носир, Уста Хожи Хафиз, Уста Насруллобой, Уста Азим, Уста Омонулло, Уста Гофир, Уста Иброҳим, Угта Сарви, Уста Абдуфаттох ва бошқалар фаолият кўрсатдилар. Самарқанддаги Регистон ансамбли, Бухородаги Абдулазизхон мақбараси, Хивадаги Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, умуман Марказий Осиёнинг тарихий шахарларидаги меморий ёдгорликларидаги ганчкорлик намуналари жойларда бу санъатнинг ўзига хос услублари, мустақил мактаблари шаклланганлигини кўрсатади.  

vnorvneotvenrvykpukpup.jpg

         1913-1914 йилларда Бухорода Амир Олимхон томонидан Ситораи Мохи Хоса қурилди. Мазкур бино Шарқона ва Европача усулда уйғунлашган ҳолда қурилди. Безак ва пардозлаш  ишларида  ганч уймакорлиги билан безатилди. Айникса, Оқ уй (меҳмонхона) ўша даврдаги ганч ўймакорлигининг ажойиб намунаси деса бўлади. Бунда  тошойна заминида ганч ўймокорлиги бажарилган. У ўзининиг нозиклиги, жимжимадор қилиб безатилиши билан ажралиб туради. Мазкур саройнинг безак ишларини Уста Ширин Муродов бажарган бўлиб, бинони безашда  ганчкорлик санъатининг ажойиб намуналари яратилган  У ўша даврда энг кўзга кўринган ганчкор усталардан эди. Чор Россияси томонидан Уста Ширинни мардикорликка сафарбар этишаётганда, Амир Олимхон томонидан қайтарилганлиги тарихий материалларда келтирилган.   Ширин Муродов 1880 йил 18 август куни Бухорода туғилган бўлиб,  1957 йил 12 февралда Тошкентда вафот этган. Ўзбекистондаги турли тарихий бинолар ва ҳайкалларни таъмирлашда фаол иштирок этган.

venolvnenrypkpkern.jpg

         Ўзбекистон меъморчилигига катта хазина булиб қўшилган Қўқондаги Худоёрхон , Хивадаги Нуриллабой саройлари,  Тошкентдаги Половцев уйи, Муқимий театри биноси,  Навоий номли Давлат опера ва балет катта театри биносида, Халқлар Дўстлиги саройида, Тошкент музейларида, метро станцияларида, маъмурий-маданий ва олий ўқув юртлари биноларида ишланган  ганчкорлик санъатининг нафис намуналари юртимиз тимсолини тараннум этиб турибди.

         Айниқса Навоий номидаги Давлат опера ва балет театри биносидаги  театр залларининг ҳар бири вилоятнинг (Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Термиз, Хива) ўзига хос миллий услуби асосида безатилганлиги ва ҳар бир залда ўша юртнинг ганч мактаби ганчкорлари ишлагани таҳсинга сазовордир.  Бухоролик Уста Ширин Муродов,  Тошкентлик Тошпўлат Арслонқулов, Самарқандлик Қули Жалилов, Хивалик Абдулла Болтаев, Қўқонлик Саидмахмуд Норқўзиевлар ва уларнинг шогирдлари томонидан вилоят марказлари номидаги залларни безашда қатнашишган.

         Бугунги кунда Ўзбекистонда ўзига хос ганчкорлик мактаблари шаклланган. Айниқса Бухоро, Хоразм, Тошкент Самарқанд, Фарғона ганчкорлик мактаблари усталари ва шогирдлари томонидан объектларда ганчкорлик ишлари амалга оширилмоқда.  Тошкентдаги бунёд этилаётган Ислом цивилизация маркази объекти қурилишидаги пардозлаш ишлари доирасида Ўзбекистоннинг барча вилоятлардаги ганчкор усталар томонидан ўз тақдимот ва таклифлари билан иштирок этмоқдалар.