Эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилади

Эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилади

awfgeghergerhhh.jpg

       Пойтахтнинг Шайҳонтоҳур туманида Сузук ота мажмуаси бор. Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда Туркистоннинг Қорачуқ қишлоғида таваллуд топган. У киши Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Болалик чоғида бобоси уни эркалаб «Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!», дегани боис атрофдагилар ҳам уни шу исм билан чақира бошлаган.

Мустафоқул балоғатга етгач, Тошкентдаги "Чақар", "Чуқуркўприк" (Чўпонота) ва "Мирлар" маҳаллаларига туташ бўлган кимсасиз, тепалик ва жарликлардан иборат ерда қўним топиб, шу маҳаллани обод қилишга киришган.

Сузук ота яссавия тариқатининг пешвоси, ўзи ўймакор, ҳунармандларнинг устози бўлган, юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳалол меҳнатга ўргатган. Сузук ота 1217 йилда вафот этган. Унинг вафотидан сўнг усталар маҳалласи Сузук ота номи билан атала бошлаган.

1363-1364 йилларда Амир Темур Аҳмад Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган. Хонақоҳ ва айвонда етти юзга яқин намозхон ибодат қилиши мумкин бўлган.

 Аммо мустабид давр -  1930 йили масжид ва мадраса ёпилиб, металл буюмлар корхонасига айлантирилган. Ҳужралар ўрнида корхона идораси ва омборхона қурилган. Шаҳардаги энг катта гумбазли (диаметри - 10 метр) масжид бўлган зиёратгоҳ шу ҳолича қолган.

Мустақилликдан сўнг маҳаллага Сузук ота номи қайтарилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда  Сузук ота масжиди ва мақбарасини реконструкция қилиш бўйича кўрсатма берди. Давлатимиз раҳбари «Ушбу масжид ва мақбара маънавиятимизни янада юксалтиришга, юртимизда эзгулик нурини зиёда этишга хизмат қилиши керак. Бу ерда ҳунармандлар маркази ва кутубхонаси ташкил этиш лозим», дедилар . 2018 йилда  Президентимиз  бу ердаги қурилишнинг бориши билан танишиб, мажмуа ёнида ҳунармандлар маркази ва кутубхона барпо этиш бўйича кўрсатма берди.

 Амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тарихий обидаларга янги ҳаёт бахш этди. Мақбара ва эски намозхона тубдан таъмирланиб, масжид, иккита минора барпо этилди. Мажмуага кираверишда музей, кутубхона, маҳалла идораси ва бошқа объектлар қад ростлади. Фавворалар ўрнатилиб, қарийб 8 гектарлик майдон ободонлаштирилди. Мақбаранинг икки томонида ҳунармандлар учун ҳар бири 4,5 сотихли ўттизта коттеж барпо этилди.

Ҳудудда зиёратчиларнинг ҳордиқ чиқариши учун айвонлар қурилди. Уларнинг ёғоч устунлари, равоқлари нафис ўймакорлик намуналари билан безатилди. Мақбара ва бинолар сирти, эшик-ромлар, тоқларга турфа рангларда нақшлар билан миллий менталитетимизга мос зеб берилди.

         Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида бебаҳо ёдгорлик ўзининг тарихий қиёфасини сақлаган ҳолда янги маҳобатли табаррук зиёратгоҳга айланди. Бугун бу ерга келганлар мажмуанинг бетакрор салобатидан улкан маънавий-руҳий қувват олади.

 hrhtyrhythty.jpg