Европа мамлакатларида исломшунослик тадқиқотлари

Европа мамлакатларида исломшунослик тадқиқотлари

vovprtpvityvapfyvafavavv.jpg

Бугунги кунда Европа мамлакатларида мусулмонлар сонининг тобора ортиб бораётгани ва бу ҳол айниқса, Германия, Англия, Франция ва Италияда кўпроқ кузатилаётгани барчага маълум. Санаб ўтилган давлатларда исломшунослик фани ўз тарихига эга бўлиб, ислом тарихи ва фалсафаси, ислом илмлари бўйича кўплаб асарлар ёзилганига қарамай, узоқ  йиллар давомида бу фанга шарқшуносликнинг бир бўлаги деб қаралиб, ислом дини тарқалиши натижасида унга юзага келган ислом цивилизацияси сифатидаги ёндашув етакчилик қилаётган эди.

 

 Эндиликда Европада мусулмон жамоаларининг кенгайиб бораётгани Ғарб олимларини исломни алоҳида фан объекти сифатида тадқиқ қилиш, унинг турли маданиятларда қандай синтезлашиб кетганини ўрганиш, шунингдек, европаликлар орасида исломга қизиқишнинг ортишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш замонавий исломшуносликнинг тадқиқот йўналишларидан бирига айланиб бормоқда.

 

Хозирги замонда Ўзбекистон исломшунослигида катта ўзгаришлар бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон халқаро ислом академияси, ЎзР ФА Шарқшунослик институти, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида исломшуносликка тааллуқли фанлар бўйича дастурлар, ўқув қўлланмалар ва дарсликлар яратилмоқда. Долзарб муаммолар ечимини аниқлашга қаратилган докторлик диссертациялари ҳимояси ўтказилмоқда.

 

Бу соҳада фаолият олиб борувчи мутахассислар нафақат маҳаллий, балки чет тиллардаги махсус адабиётлардан фойдаланиш, Европа исломшуносларининг асарлари билан танишиш имкониятига эга бўлишди. Ҳозирги даврда нафақат хорижий Шарқ мамлакатлари, балки Ғарб давлатларида ҳам исломшунос олимларининг асарларини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, шу билан бирга, мутахассисларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва янги мавзулардаги тадқиқотлар олиб бориш долзарб аҳамият касб этмоқда.

 

Ўзбекистон олий таълим тизимида ўтаётган ислоҳотлар Европада ривожланган, етакчи давлатларнинг  олий таълим соҳасидаги ижобий  тажрибасидан фойдаланишни талаб этмоқда. Буюк Британия, Германия, Франция, Голландия, ва Туркияда ихтисослашган университет, институт ва илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди, уларда исломшунослик фани бўйича турли ўқув курслари ўқитилмоқда.

 

Исломшунослик шарқшуносликдан чиққани ҳолда ўзининг методологиясига, асосий мавзулари ва классик матнларига эга бўлган фан сифатида шаклланди, десак бўлади. Айрим олимлар унда кўпроқ араб тилига, классик матнларга ва ислом динининг асосий манбалари ҳисобланган Қуръон ва Ҳадисга урғу берсалар, бошқалари уни сиёсий, ижтимоий ва антропологик жиҳатдан ўрганишга ёндашишни маъқул кўрадилар.

 

Исломшуносликнинг Англия олий таълим тизимида ўқитилишига тўхталадиган бўлсак, Буюк Британия университетларида ислом илмларини тадқиқ қилувчи ва ундан дарс берувчи олимларнинг етишмаслиги бу фанни ўқитиш олдида турган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

 

Ссўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар натижасига кўра, Францияда мусулмонлар бошқа Ғарб мамлакатларига нисбатан ўзларини эркинроқ ҳис қилар эканлар. Бугунги кунда Францияда исломшуносликни ўқитишдаги асосий ёндашувлар бу лингвистик ва адабий ёндашувлардир. Буларга мисол тариқасида сиёсатшунослик, тарих, антропология, дин социологияси кабиларни келтириш мумкин. Франциянинг Сарбонна университетида кўпроқ тилларга урғу берилса, Париж университети “Ўрта асрларда ислом” мавзусига кўпроқ эътиборни қаратади.

 

Ислом ва мусулмон жамияти бўйича олиб борилган тадқиқотлар турли фанлар йўналишида, жумладан, тарих, сиёсат, социология, антропология, тил ва адабиёт соҳаларида тадқиқотлар олиб боришни кўзда тутган марказларда амалга оширилади. Ушбу марказларнинг кўпчилиги Ўртаер денгизи мамлакатларига эътиборни қаратиб, Франциянинг мусулмон жамияти билан узоқ йиллик тарихини ўрганишни ўз ичига олади.

 

Хулоса қилиб айтганда, кўриб чиқилган Европа мамалакатларида исломшунослик ҳали ҳам алоҳида фан сифатида шаклланмоқда. Бу фан соҳаси ҳақида билдирилган фикрлар турлича ва олимларнинг қарашлари тарқоқ ҳолда ривожланаётганини кузатишимиз мумкин. Европа мамлакатларида исломшуносликни ўқитишда йўлга қўйилган ёндашувлар ва самарали лойиҳалар билан танишиш, ўзига хос илмий тадқиқот тажрибасини Ўзбекистоннинг махсус олий ўқув юртларига, хусусан Ўзбекистон халқаро ислом академиясига,  жорий қилиш бугунги кун талабларига жавоб беради, деган фикрдамиз.

 

 

Саидакбар АГЗАМХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси профессори,

тарих фанлари доктори