Ёш музейшунослар анжумани
Ёш музейшунослар анжумани

Ўзбекистон тарихи давлат музейида «Моддий-маънавий мерос ва умумбашарий қадриятлар» мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда музейшунослик, тарих, археология, этнография, санъатшунослик ва педагогика каби турли йўналишларда изланишлар олиб бораётган ёш олимлар, илмий ходимлар ва мутахассислар иштирок этди.
Улар томонидан «Ўзбекистоннинг моддий маданий меросини сақлашда музейларнинг ўрни», «Тарих, археология ва этнология масалалари замонавий талқинда», «Ёшлар маънавиятини юксалтиришда умумбашарий қадриятларнинг аҳамияти» ҳамда «Ўзбекистонда замонавий музейшуносликнинг ривожи ва тараққиётида инновацион технологияларнинг аҳамияти» каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Шунингдек, тадбирда номоддий маданий мерос бўлган оғзаки анъаналар ва ифода шакллари, тил, ижро санъати, халқаро ва миллий урф-одатлар, маросимлар, байрамлар бўйича олиб борилган илмий-тадқиқот натижаларини ёритиш, ёшларни музей коллекцияларида сақланаётган маданий бойликларни асраш, тиклаш ва тарғиб этиш ҳамда илмий муомалага киритишда фаол иштирок этишга жалб қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.
ЎзА




