Эркин курашчиларимизнинг жаҳон чемпионатидаги муваффақиятлари
Эркин курашчиларимизнинг жаҳон чемпионатидаги муваффақиятлари

Боку шаҳрида спорт курашлари бўйича ўтказилаётган U17 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионати ҳал қилувчи босқичга етди. Эркин кураш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари муносиб иштирок этиб, мамлакатимиз ҳисобига яна қатор медалларни тақдим этди.
Мусобақанинг финал босқичигача етиб келган икки нафар ўзбекистонлик полвон ҳал қилувчи баҳсда кумуш медаль билан чекланган бўлса, яна икки нафар курашчимиз шоҳсупага кўтарилишга муваффақ бўлди.
Хусусан, 110 килограмм вазн тоифасида беллашган Беҳруз Аширов бронза медали учун кечган баҳсда грузиялик Муртаз Багдавадзени 3:2 ҳисобида мағлуб этиб, жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, Фарруҳ Маҳмудов ҳам учинчи ўрин учун кечган беллашувда ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди.
Финалда иштирок этган Шоҳиддин Алиев ҳамда Жаҳонгир Тулкунов эса ҳал қилувчи баҳсларда муносиб кураш олиб борган ҳолда мусобақани кумуш медаль билан якунлади.