Ёғочга муҳрланган мўъжиза
Ёғочга муҳрланган мўъжиза
Хоразм қадимдан ўзининг бой маданий мероси, боқий анъаналари, амалий санъати билан донг таратган. Айниқса, ҳунармандларнинг ижод маҳсуллари ҳали-ҳануз кенг жамоатчиликни ўзига мафтун этиб келмоқда. Улар орасида ёғоч ўймакорлиги намуналари алоҳида ажралиб туради. Сабаби, тарихий обидаларимиз, шаҳар дарвозалари ва устунларидаги бетакрор санъат асарлари бир неча асрлар ошса-да, ўз жозибасини йўқотмасдан келаяпти.
Ҳунармандлар буни, энг аввало, ёғоч тайёрлашга жиддий эътибор қаратилгани, уста уни бутун борлиғини бериб ишлагани билан изоҳлашади. Чиндан ҳам, хоразмлик ёғоч ўймакорлар ўтмишда, асосан, гужум, терак ҳамда бошқа дарахтлар ёғочларини 6 ойгача сувга солиб қўйиб, кейин уни сояда қуритганлар. Зиғир ва пахта ёғи билан ишлов берилгандан сўнг нақш ўйиш ишларига киришганлар. Нақшлар турли чуқурликда ёғочга муҳрлангани боис катта аниқликка эришилган. Масалан, Хива шаҳри ёдгорликларидаги ўйма нақшли эшик, дарвоза, устун ҳамда тоштагликлардаги нақшларга разм солиб, уларнинг қайси асрга мансуб эканлигини билиш мумкин.
Хива нақшларининг олмагул, айланма нақш, арқон, тирноқ ҳамда бошқа номлар билан аталувчи юздан зиёд турлари бор. Энг чиройли нақш икки, баъзан уч қатлам қилиб ўйилади. Усталар бир нақшни бошқа такрорламаслик, бировдан нусха олмасликка интилган. Шунинг учун ҳам ёғочга ўйилган нақшлар ниҳоятда мукаммал бўлиб, улар замирида рамзий маънолар яширинган.
Хоразм ёғоч ўймакорлиги мактаби равнақида таниқли уста, моҳир ҳунарманд Ота Полвоновнинг алоҳида ўрни бор. Машҳур уста шогирди Сапо Боғбеков билан биргаликда наққош Абдулла Болтаев кўмагида 1937 йилда тайёрлаган ёғоч устун Париждаги халқаро кўргазмада олтин медаль ва биринчи даражали диплом билан тақдирланган.
Ота Полвонов (1867 — Хива – 1972) бобоси уста Абдусаттор ва отаси уста Полвонлар б-н бирга ишлаб ҳунар ўрганган. Хивадаги кўпгина биноларнинг дарвозаси, эшик, устунларини безашда қатнашган. Ота Замонавий санъат музейи учун устун ва эшиклар тайёрлаган. Ота Полвонов ишларидан намуналар Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар музейлари ва тўпламларида сақланиб келмоқда.
Хива ўймакорлик мактаби анъаналарини шогирдлар муносиб давом эттириб, кўпгина ёшларга ушбу ҳунар сирларини пухта ўргатиб келмоқдалар.
Ана шулардан бири хивалик Ўзбекистон Республикаси халқ устаси Ҳайитмат Боғбековдир. У ота-боболарининг касбини давом эттириб, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги санъатини юксалтиришга ўз ҳиссасини қўшаяпти. Уста замонавий биноларни шарқона услубда ўйма нақшлар билан безашда ҳам ўзига хос янгича услублар яратди.
Ҳайитмат Боғбеков ижодига мансуб нақшинкор эшик ва устунлар бир қатор хорижий мамлакатлардаги маданият ҳамда санъат кошоналарини безаб турибди. Масалан, Тошкент шаҳридаги Хотира майдони айвонларига ҳам унинг қўлида сайқал топган бир нечта устунлар ўрнатилган. Бундан ташқари, Ҳайитмат ота шогирдлари билан биргаликда Урганч, Хива шаҳарларидаги бир қатор бинолар айвонлари ва устунларига ўйма нақшлар ишлаган. Уста ясаган нақшиндор устунлар, эшиклар ҳамда бошқа ўймакорлик маҳсулотлари хорижлик сайёҳларнинг ҳавасу ҳайратига сабаб бўлаяпти.
- Хоразм ёғоч ўймакорлиги ривожининг энг асосий омилларидан бири бу ерда “Устоз-шогирд” мактабининг анъанавий тарзда давом эттирилаётганидир, - дейди “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Ҳайитмат Боғбеков. - Шунинг учун бу мактаб яратган нақшлар асрлар оша ўз шаклини йўқотмайди. Мен ҳам устозларим сингари мазкур ҳунарнинг сир-асрорини ёшларга ўргатишга ҳаракат қилаяпман. Ахир ҳар бир устанинг издошлари бўлиши керак-да.
Хоразмлик ҳунармандлар яратган ўймакорлик дурдоналарини “Ёғочга муҳрланган мўъжиза”, десак, асло муболаға бўлмайди. Шу боис ушбу санъат турини янада ривожлантириш, воҳага хос қадимий нақш усулларини қайта тиклаш йўлида ижодий изланишлар олиб борилмоқда. Бу эса ўзбек амалий санъатини дунёда шуҳрат қозонишига хизмат қилмоқда.