Дунёдаги энг бой қўлёзмалар мажмуаси
Дунёдаги энг бой қўлёзмалар мажмуаси

Ташкил этилганлигининг 80 йиллик юбилейини нишонлаётган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фонди илмий жиҳатдан дунёдаги энг йирик ва машҳур хазиналардан бири ҳисобланади.
Бу хазинада сақланаётган асарларнинг ичида энг қадимийси IХ асрга оид (Қуръони каримнинг куфий хати билан китобат қилинган нусхаси), энг янгилари эса ХХ асрнинг ўрталарига тўғри келади. Қўлёзмалар мажмуасидаги асарлар ўзбек, араб, форс, тожик, урду, пушту, озарбайжон, турк, татар, туркман, уйғур ва бошқа шарқ халқлари тилларида ёзилган.
Мазкур асарлар ўрта аср ва ундан кейинги даврлар фанининг турли тармоқларига, яъни тарих, адабиёт, фалсафа, ислом илмлари, фалакиёт, кимё, табобат, жуғрофия, доришунослик, тил, мусиқа, математика, маъданшунослик ва бошқа соҳаларга оид.
Ҳозирги вақтда қўлёзмалар хазинасида 26000 жилдга яқин ноёб асарлар сақланмоқда. Уларнинг кўпчилигида бир қанча асарлар жамланган. Тошбосма ва нашр этилган китобларнинг умумий сони 40000 га яқин жилдни ташкил этади. Улар Ўрта Осиё, шунингдек, Шарқ мамлакатлари – араб давлатлари, Афғонистон, Покистон, Туркия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон тарихини ўрганишда ўта муҳим аҳамият касб этади.
2000 йилда Институтнинг қўлёзмалар хазинаси дунёдаги энг бой қўлёзмалар мажмуаси сифатида ЮНЕСКО Маданий мерос рўйҳатига киритилган. 2023 йилда шу фонддаги Жалолиддин Румий асарларининг қўлёзмалари ҳам алоҳида мазкур рўйхатга қўшилди.




