Дунёда қанча мусулмон бор?

Дунёда қанча мусулмон бор?

dtyhsrgaefaefaefesargahdfaeff.jpg

               Энг охирги маълумотларга кўра, 8 миллиардга яқинлашиб қолган дунё аҳолисининг 24,1 фоизини мусулмонлар ташкил этмоқда ва уларнинг умумий сони 2 миллиард кишига яқинлашиб қолди. Энг аҳамиятлиси, дунёда мусулмонлар адади жуда тез ортиб бормоқда, буни ушбу рақамлардан ҳам билса бўлади: «ХХI асрда Ислом» китобидаги маълумотларга кўра, мусулмонлар 1880 йили жаҳон аҳолисининг 13,7 фоизини ташкил этган бўлса, йигирманчи асрнинг 80-йилларига келиб бу рақам салкам 17 фоизга етди, мингйилликнинг охирида эса, тахминан, 21 фоиз ташкил этди. Буюк Британиялик тадқиқотчи Самюэл Хантингтон «Ҳазоралар тўқнашуви» номли машҳур рисоласида дунёда насронийларнинг сони камайиб бораётгани ва 2025 йилга бориб, улар дунё аҳолисининг, тахминан, чорак қисмини ташкил этиши ҳақидаги маълумотни келтирган эди. Ўша вақтга бориб, мусулмонларнинг сони дунё аҳолисининг 30 фоизини ташкил этар экан (Samuel Hantington, The Clash of Civilazations, London, 1997).

 1945 йилдан буён дунёдаги сунний мусулмонлар сони 49 миллион кишига кўпайди ва жами 1,52 миллиардга етди, шиалар эса 19 миллиондан 211 миллион кишига ортди. Худди шу давр ичида насроний католиклар 391 миллиондан 1,12 миллиард кишига кўпайди, холос. Ҳозирга келиб католиклар сон жиҳатидан учинчи ўринга тушиб қолишди: чунки бугунги кунда ҳиндикий динидагилар адади 1,159 миллиард кишини ташкил этади.

Жаҳоннинг 28 мамлакатида давлат дини Ислом саналади. Дунёдаги энг кўп сонли мусулмон юртлари сафидан қуйидаги мамлакатлар жой олган: Индонезияда 200 – 207 миллион, Покистонда – 160 миллион, Ҳиндистонда салкам 151 миллион, Бангладешда – 132 – 135 миллион мусулмон бор.

Бундан кейинги ўринларни қуйидаги мамлакатлар эгаллашган: Мисрда – 75, Туркияда – 70, Нигерияда – 67, Эронда – 64 миллион, Жазоирда – 33, Суданда – 27 миллион, Хитойда – 20 миллион, Ироқда – 26 мусулмон истиқомат қилади. Эфиопия, Афғонистон, Яман, Саудия Арабистони, Ўзбекистон каби мамлакатларнинг мусулмон аҳолиси 20 – 30 миллион кишини ташкил этади.

Ғарб давлатларида ҳам мусулмонлар сон жиҳатидан тўхтовсиз ўсиб боряпти. Тадқиқотчи Михаил Тульский интернет орқали тарқатган «Ислам в неисламском мире» деган мақоласида қуйидаги рақамларни келтиради: «Диний статистика бўйича амриқолик йирик мутахассис Дэвид Барретнинг маълумотларига кўра, «1900 йили АҚШда 10 минг, 1970 йилда 800 минг мусулмон яшаган бўлса, 2000 йилга келиб, бу рақам 4,1 миллион кишига етди». Шимолий Америка Ислом жамияти маълумотларига кўра эса, АҚШда 2000 йили 7 миллион мусулмон бўлган».

Европа ҳам катта исломий ўзгаришлар арафасида турибди. «Ҳозирги пайтда Европада турли манбаларга кўра 15 дан 24 миллионгача мусулмон истиқомат тутган. Энг катта мусулмон жамоаси Францияда яшайди. Бу ерда мамлакат аҳолисининг ўн фоизи – 7 миллион киши мусулмондир. Айрим таҳлилчилар яқин келажакда Франция Европадаги биринчи мусулмон мамлакати бўлишини башорат қилишмоқда. Европадаги яна бир етакчи мамлакат Буюк Британияда ҳам мусулмонлар сони тобора ортиб боряпти ва улар сони уч миллионга етди. Германия (4,1 миллион), Италия (4 миллион), Украина (2 миллион), Голландия (1 миллион) кабилар ҳам мусулмонлар нуфуси тобора кўпайиб бораётган мамлакатлар қаторига киради».