Диний ташкилотлар сони маълум қилинди
Диний ташкилотлар сони маълум қилинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комиловнинг АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, Республикамизда 2017-2021 йиллар мобайнида 49 та янги жоме масжиди очилган бўлиб, шундан 9 таси жорий йилда ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирда масжидларнинг умумий сони 2088 та, улардан 2016 таси жоме, 72 таси эса маҳаллий масжид мақомида.
Шунингдек, бугунги кунга қадар 69 та диний ташкилотлар рўйхатдан ўтган. Жумладан, 49 та янги масжидлар ва 3 та мадраса ташкил этилган ҳамда бошқа конфессияларга мансуб 17 та диний ташкилотлар рўйхатдан ўтказилган ва уларнинг умумий сони 191 тага етган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тизимдаги ташкилотлар ва диний соҳа ходимларининг 58 та веб-сайти, 166 та “Telegram” канали, 200 та "Фейсбук" саҳифаси ҳамда “Youtube” видеохостингида 21 та канали фаолият олиб бормоқда. Таҳлилларга кўра умумий интернет фойдаланувчиларнинг қамрови 5 млн.дан ортади.
Юртдошларимиз ўзларини қизиқтирган диний масалаларда тўғри ва ишончли маълумот олишлари учун ишонч телефон рақамига мурожаат қилиб, малакали мутахассислардан жавоб олишлари мумкин. Шу билан бир қаторда Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Рамазон ойи муносабати билан туну кун ишлайдиган махсус колл-марказ фаолияти ҳам йўлга қўйилган.




