Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар аҳолига етказилмоқда

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар аҳолига етказилмоқда

rverveovkeovkrvkervekgky.jpg

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов хизмат сафари билан Фарғона вилоятида бўлиб турибдилар.

 

Диний соҳа раҳбарлари дастлаб, жоменинг мажлислар залида Риштон туманида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари билан учрашув ўтказдилар. Мулоқот чоғида Муфтий ҳазратлари юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ижобий ислоҳотлар, айни замонда имом-хатиб ва ноибларнинг олдида турган муҳим вазифалар тўғрисида сўзладилар, бунда соҳа ходимлари ёшларимизни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги учун фаол тарғибот ишларини олиб бориш, маърифат тарқатиш, жамиятимиз ҳаётида нафақат имом-хатиблар, балки имом ноиблари ҳам фаол бўлишлари лозимлигига алоҳида урғу бердилар.

 

Зеро, янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилаётган барча ишлар халқимизни рози қилишга қаратилганини Муҳтарам Президентимиз ҳар доим таъкидлаб келмоқдалар: “Бизнинг бош мақсадимиз - халқимизнинг розилиги. Бу Президент сифатида менинг, барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар, депутат ва сенаторлар, бутун давлат идораларининг фаолиятига берилган энг олий ва энг адолатли баҳодир. Агар халқимиз биздан рози бўлса, Яратган ҳам рози бўлади”.

 

Шунингдек, тадбирда имом-хатиблар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоб олдилар. Шунингдек, “Хўжа Илғор” масжид ҳолати, намозхонларга қилинган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди.

 

Меҳмонлар ташриф давомида шу ерда жойлашган “Хўжа Илғор” қадамжосини зиёрат қилиб, бу ернинг тарихи ҳақида суҳбат қурдилар, Қуръони карим оятлари тиловат қилинди, муфтий ҳазратлари ўтганлар ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.