Деҳли университети профессори – Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси

Деҳли университети профессори – Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси 

vyekryeoyoeyuakfcuafuap.jpg

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 11 январь куни Ҳадис илми мактабига ташрифи давомида билдирилган топшириқ ва тавсияларда мактабда таҳсил оладиган талабалар камида учта чет тилини мукаммал билиши лозимлиги алоҳида таъкидланган эди.

Шу мақсадда Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан Ҳадис илми фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ҳамда Балоғат ва мунозара фанлари доктори, профессор Али Саад Али Саад Мактаб ўқув жараёнларига жалб этилган эди.

Бу йил Ҳадис илми мактаби хорижий ўқитувчилари сафига яна бир мутахассисни жалб этди. Деҳли университетининг Тилшунослик илғор тадқиқотлар маркази Тилшунослик кафедраси профессори Рaвиндер Гaргaш Мактабда инглиз тили фанидан дарс машғулотларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида ташриф буюрди.

Таъкидлаш лозимки, профессор Рaвиндер Гaргaш инглиз тилини ўқитиш бўйича қирқ олти йилдан ортиқ педагогик тажрибага эга бўлиб, у Жанубий Кореянинг Ҳанкук хорижий тадқиқотлар университети, Ҳиндистоннинг Деҳли университети каби дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларида профессор ва кафедра мудири каби лавозимларда фаолият олиб борган.

vnorvnoypkfykpcupyukryuk.jpg

Шунингдек, профессор Гаргаш 2017-2019 йиллар давомида инглиз тилини ўқитиш бўйича халқаро стандартлардан бири ҳисобланган TEFSOL India (Ҳиндистонда иккинчи чет тили сифатида инглиз тили ўқитиш ассоциацияси) президенти (бош офиси Ню-Дели, Ҳиндистон), Asia TEFL (Осиё давлатларида чет тили сифатида инглиз тили ўқитиш ассоциацияси) вице-президенти (бош офиси Сеул, Жанубий Корея), 2019-2020 йилларда Asia TEFL президенти лавозимларида ҳам ишлаб келган.

Профессор Гаргаш учта муаллифликда ҳамда йигирмага яқин ҳаммуаллифликдаги китоб ва луғатларни нашр этган. Жумладан, Урду тили грамматикасига кириш (ҳинд ва инглиз тилларида. Дарслик), Farhang-e-Aaryan (форсча-ҳиндча-инглизча-урдуча луғат, VI жилд. Теҳрон), Koriyaayi-Hindi shabdakosh (корейсча-ҳиндча луғат. Сеул), Translation and Interpreting (ёзма ва оғзаки таржима услублари. Деҳли университети талабалари учун икки тилли (инглиз ва ҳинд) дарслик), Persian-Hindi Dictionary (форсча-ҳиндча луғат, II жилд. Деҳли), Indo-Persian Cultural Perspectives (ҳинд-форсий маданий истиқболлари. Деҳли), VII жилдлик тилшуносликнинг ўқитиш назарияси каби китоблар нашрида иштирок этган. Шунингдек, бир юз ўттиздан ортиқ хорижий журналлар, халқаро конференция ва семинарлар тўпламида илмий мақолалар чоп эттирган.

Хорижлик профессор Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари учун давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан яратиб берилган шароитларга алоҳида эътибор қаратиб, бу юрт ўз даврида барча илмларда бўлгани каби ислом илмларида ҳам марказ бўлганлиги, диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг илмий меросларини ўрганиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида албатта ушбу маскандан ҳам келажакда яна Имом Бухорийлар, Имом Термизийлар каби уламолар етишиб чиқишини эътироф этди.

Ҳадис илми мактаби матбуот хизмати