Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш: «Мен бундай музейларни кўрмаганман. Бу жуда кучли таассурот қолдиради»

Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш: «Мен бундай музейларни кўрмаганман. Бу жуда кучли таассурот қолдиради»

“Ислом цивилизациясидаги энг катта музей” сифатида халқаро миқёсда эътироф этилган, шунингдек, TURKSOY томонидан туркий дунёдаги энг яхши музей дея баҳоланган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яна бир нуфузли ташрифга мезбонлик қилди. Чехия Республикаси Бош вазири Андрей Бабиш бошчилигидаги делегация Марказ фаолияти ва унинг ноёб экспозициялари билан батафсил танишди.

Ташриф давомида меҳмонлар Марказнинг улкан архитектураси, 65 метрлик муҳташам гумбази ва кенг ҳудудда барпо этилган мураккаб композицион ечимларини алоҳида эътироф этдилар. Делегация Марказга киришданоқ унинг нафақат музей, балки илмий-маърифий макон сифатида шаклланганини қайд этди.

Саёҳат “Буюк сиймолар галереяси” залидан бошланди. Бу ерда 110 хил рангдаги микромозаика тошлар ёрдамида яратилган буюк алломалар ва тарихий шахслар сиймоси меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, делегация аъзолари интерактив технологиялар орқали ушбу алломалар билан “жонли мулоқот” қилиш имкониятини ҳам синаб кўришди. Бу эса тарихий шахсларнинг ҳаёти ва илмий меросини янада чуқурроқ англаш имконини бериб, меҳмонларда ўзига хос ҳайрат ва қизиқиш уйғотди. Делегация аъзолари бу ерда тарих ва санъатнинг уйғунлиги замонавий технологиялар билан уйқаш ҳолда ўзига хос бадиий тилда намоён этилганини алоҳида таъкидладилар.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданий меросни асраб авайлашга қаратилган эътибори Чехия Бош вазири  жуда юқори баҳолади. У бу ғояни нафақат икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим қадам, балки минтақавий ва халқаро миқёсда ўзаро ишонч ва шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим сиёсий ташаббус сифатида эътироф этди. 

Исломдан аввалги давр экспозисиясида эса қадимги цивилизациялар тарихи, инсоннинг илк турмуш тарзи ва маданий шаклланиш жараёнлари интерактив ва визуал шаклда намойиш этилгани делегация аъзоларининг таърифига сабаб бўлди. Қадимги ов манзаралари, деворларга туширилган тасвирлар, илк пул тизимига оид тангалар ва Буюк ипак йўли тарихи ҳақидаги маълумотлар делегация аъзоларига ўша давр муҳитини жонли ҳис этиш имконини берди.

Иккинчи Ренессанс бўлими делегация учун айниқса қизиқарли бўлди. Амир Темур даврига оид давлатчилик анъаналари, сарой маданияти ва илмий муҳит интерактив усуллар орқали намойиш этилгани юқори баҳоланди. Хусусан, Бош вазир Андрей Бабиш интерактив технологиялар ёрдамида Амир Темур сиймоси билан “жонли мулоқот” қилиб кўрди. Бу тажриба меҳмонда катта таассурот қолдириб, тарихни замонавий ёндашув орқали янада чуқур ҳис этиш имконини бергани таъкидланди. 

“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс” бўлимида эса мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, стратегик ривожланиш йўналишлари ва халқаро ҳамкорлик масалалари акс эттирилгани делегацияда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, бу ерда келажакка қаратилган аниқ мақсадлар ва инсон капиталига эътибор марказий ўрин тутаётгани алоҳида қайд этилди.

Марказнинг юраги — Қуръони Карим зали билан танишди. VII асрга мансуб Усмон мусҳафи, унинг атрофида жойлашган нодир қўлёзмалар ва замонавий мэппинг голограмма намойиши меҳмонларда кучли ҳиссий таассурот уйғотди. 

Ташриф якунида Андрей Бабиш Марказнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз илиқ фикр ва таассуротларини ёзиб қолдирди. 

Андрей Бабиш, Чехия Республикаси Бош вазири:

“Бу музейни таърифлашга сўз топиш қийин — чинакамига ҳайратланарли. Афсуски, вақтимиз жуда чекланган, албатта яна бир кун қайтиб келишим керак бўлади. Биз Ўзбекистонда эндигина бор-йўғи бир неча соат бўлдик, аммо мамлакатингиз менда жуда катта таассурот қолдирди.

Бу буюк мамлакат — бой тарихга, ажойиб инсонларга, айниқса, салоҳиятли ёш авлодга эга. Бугун сизнинг Бош вазирингиз билан учрашдик, эртага эса — Президентингиз билан учрашишни интиқлик билан кутяпман. Бу мен учун бу жуда ноёб имконият.

Афсуски, фақат бир кунлик ташриф билан келдик, лекин чех компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар борлигини кўрдим. Бу ерда тахминан 50 га яқин Чехия компаниялари фаолият юритмоқда ва бизнес форум жуда юқори даражада ўтди. Мен бундан ниҳоятда мамнунман.

Сизнинг мамлакатингиз Марказий Осиёда жуда муҳим ўрин тутади. Албатта, биз кўплаб имкониятларни кўряпмиз. Бош вазирингизнинг нутқи жуда аниқ ва мазмунли бўлди, биз бу тавсияларни албатта инобатга оламиз. Шунингдек, мамлакатингиздан айрим компаниялар бизнинг юртимизда ҳам фаолият юритаётгани қувонарли, албатта.

Ҳаммаси жуда ажойиб. Умримда бундай музейни ҳали кўрмаганман. Ростдан ҳам ниҳоятда таъсирли. Табриклайман”.

Делегация аъзолари Марказда яратилган шароитлар, экспозицияларнинг илмий асослангани ва замонавий технологиялар билан бойитилганини юқори баҳолаб, бу маскан нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон учун муҳим маданий ва маърифий марказга айланганини таъкидладилар.