Буюк қомусий олим сиймосига юксак эҳтиром тимсоли

Буюк қомусий олим сиймосига юксак эҳтиром тимсоли

Бугун Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад  Беруний таваллудига 1053 йил тўлди. Хоразм заминидан етишиб чиққан аллома ўзининг кенг қамровли илмий изланишлари, чуқур тафаккури ва оламни англашга бўлган интилиши билан жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Унинг номи асрлар давомида астрономия, математика, география, геодезия, минералогия, тиббиёт, тарих, этнография ва фалсафа каби кўплаб фанлар билан бевосита боғланиб келган.   

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Буюк сиймолар галереяси” фойесидан ўрин олган “Абу Райҳон Беруний” маҳобатли равоқларида ана шу буюк алломанинг серқирра ҳаёти ва улкан илмий меросини ранглар тилида акс эттиради.

Асарга назар ташлаган томошабин биргина олим қиёфасини эмас, балки унинг тафаккур оламини кўради. Композицияда  Берунийнинг ҳаёт йўли, илмий сафарлари, астрономик кузатишлари, географик тадқиқотлари, табиат ва тиббиётга оид изланишлари, машҳур асарлари ва кашфиётлари ўзаро уйғун ҳолда тасвирланган.

Шу боис мазкур маҳобатли рангтасвирни буюк алломанинг ҳаёти ва илмий меросини мужассам этган бадиий солнома сифатида баҳолаш мумкин.

Хоразм заминидан чиққан буюк аллома

Абу Райҳон Беруний 973 йил 4 сентябрда Хоразмнинг қадимги пойтахти Кот шаҳри яқинида таваллуд топган. Африғий хоразмшоҳлар сулоласининг Ироқийлар оиласига мансуб бўлган Беруний машҳур олим Абу Наср ибн Ироқ хонадонида тарбия топган.

Унинг илмга бўлган қизиқиши ниҳоятда эрта шаклланган. Ҳали  16 ёшидаёқ астрономик кузатишлар билан шуғуллана бошлаган аллома ёшлигиданоқ осмон жисмлари ҳаракати, вақт ва макон, Ернинг ўлчамлари каби мураккаб илмий масалаларни тадқиқ этишга киришган.

22 ёшида Котни тарк этган Беруний Урганч, Рай, Журжон ва Ғазна шаҳарларида, шунингдек, Ҳиндистонда яшаган. У қаерда бўлмасин, маҳаллий илм аҳли билан мулоқот қилган, мавжуд билимларни ўрганган ва ўзининг илмий изланишларини давом эттирган.

Унинг ҳаёт йўли билан боғлиқ ана шу шаҳарлар ва воқеалар ҳам рангтасвирда ўзининг бадиий ифодасини топган. Турли маконларни бирлаштириб турган асосий ғоя эса — илм излаган инсоннинг чексиз сафаридир.

Бир умрга сиғмаган илм олами 

Беруний қарийб 150 та асар яратгани маълум. Уларнинг 31 таси бизгача етиб келган. Бу асарларнинг ўзиёқ аллома илмий қизиқишларининг қанчалар кенг қамровли бўлганини кўрсатади.

“Хронология”, “Геодезия”, “Тафҳим”, “Ҳиндистон”, “Қонуни Масъудий”, “Минералогия”, “Фармакогнозия” каби асарларида турли фанлар доирасидаги муҳим илмий ғоя ва хулосалар жамланган.

Беруний астрономия ва математика билан бир қаторда география, геодезия, физика, минералогия, доришунослик, тарих, адабиёт, диншунослик ва фалсафа соҳаларида ҳам чуқур из қолдирган.

Маҳобатли рангтасвир асарида ана шу илмий мероснинг турли қирралари алоҳида сюжетлар орқали жонлантирилган. Алломанинг қўлидаги китоблар, илмий асбоблар, глобус, хариталар ва табиат манзаралари унинг илмий изланишларини бадиий жиҳатдан бир бутун композицияга бирлаштиради.

Коинот сирларини англашга интилган олим

Берунийнинг илмий меросида астрономия алоҳида ўрин эгаллайди. У осмон жисмларининг ҳаракатини кузатиш билан чекланмай, уларни математик ҳисоб-китоблар асосида ўрганган.

Алломанинг машҳур “Қонуни Масъудий” асари аниқ фанларга оид энциклопедик билимларни ўзида мужассам этган. Унда космология, сферик астрономия, тригонометрия ва математик география масалалари кенг ёритилган. Асарда 1029 та турғун юлдуз ҳақидаги маълумотлар жадваллаштирилган.

Беруний сайёралар ҳаракатини математик усулда ҳисоблашга оид формулаларни ишлаб чиққан, синус, косинус, тангенс ва котангенс функцияларининг жадвалларини келтирган. Қуёш ва Ой тутилишларини ҳисоблаш имконини берувчи аниқ математик усулларни ҳам баён этган.

Рангтасвирдаги осмон манзаралари, юлдузлар ва астрономик кузатишларга оид деталлар томошабинни Берунийнинг коинотни англашга қаратилган изланишлари билан таништиради.

Ерни ўлчаган ва унинг сирларини ўрганган Беруний

Алломанинг география ва геодезия соҳасидаги тадқиқотлари ҳам ўз даври учун ниҳоятда илғор эди.

“Геодезия” асарида Ғазнадан Маккагача бўлган оптимал йўлни аниқлаш, шаҳарларнинг географик координаталарини белгилаш ва Ер юзасидаги масофаларни ҳисоблаш усуллари баён этилган.

Беруний Ернинг геологик тарихи, Амударё ва Араб саҳросининг геологик эволюцияси ҳақида ҳам илмий фикрлар билдирган. Ҳинд ва Атлантика океанларининг Африка жанубида туташгани ҳақидаги хулосалари ҳам унинг географик тафаккури нақадар кенг бўлганидан далолат беради.

Аллома Нандна қалъасида туриб, математик усуллар ёрдамида Ер радиусини аниқлаган. Шунингдек, географик объектлар асосида аҳоли пунктлари ўртасидаги масофаларни белгилаш ва уларнинг координаталарини аниқлаш имконини берувчи диаметри 750 сантиметрли глобус яратган.

Маҳобатли асарда глобус ва географик хариталарнинг акс эттирилиши бежиз эмас. Улар Берунийнинг Ерни шунчаки яшаш макони сифатида эмас, балки илмий тадқиқот объекти сифатида ўрганганини англатади.

Табиат сирларини кашф этган қомусий олим

Берунийнинг қизиқишлари осмон ва Ер билан чекланмаган. У минераллар, тоғ жинслари, доривор ўсимликлар ва ҳайвонот оламини ҳам чуқур ўрганган.

“Минералогия” асарида маъданларнинг табиий ҳосил бўлиши, қимматбаҳо тошлар ва металлар, Марказий Осиё ҳамда Яқин ва Ўрта Шарқ минтақаларидаги фойдали қазилмалар ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган.

Аллома ўша даврда кенг тарқалган оддий металларни қимматбаҳо металларга айлантириш мумкинлиги ҳақидаги қарашларни илмий жиҳатдан асоссиз эканини кўрсатган.

“Фармакогнозия”да эса минерал, ўсимлик ва ҳайвонлардан олинган 1116 та дори воситаси тавсифланган. Уларнинг турли тил ва лаҳжалардаги 4500 га яқин номи келтирилган. Асарни яратишда 1500 йил давомида турли минтақаларда яшаган 250 муаллифнинг илмий мероси умумлаштирилган.

Бу фактларнинг ўзиёқ Берунийни ўз даврининг нафақат тадқиқотчиси, балки турли манбалардаги билимларни жамлаб, тизимлаштирган улкан тафаккур эгаси сифатида намоён этади.

Тиллар ва цивилизациялар ўртасидаги кўприк

Берунийнинг илмий меросини алоҳида ажратиб турувчи яна бир муҳим жиҳат унинг турли халқлар ва цивилизациялар билимларига мурожаат қилганидир.

Аллома қадимги юнон, рум, сурёний, ҳинд, форс, араб, хоразмий, суғдий ва туркий тилларни билган. Турли тилларда битилган манбалардан фойдаланиб, уларни қиёсий таҳлил қилган.

“Хронология” асарида турли халқларнинг тақвимлари, диний эътиқодлари, урф-одатлари, байрамлари, ривоят ва афсоналари ҳақида маълумотлар жамланган. Ушбу асар қадимги саналарни кейинги давр тақвимларига, жумладан, мусулмон тақвимига ўгиришда асрлар давомида муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилган.

Рангтасвир композициясида турли халқлар ва маданиятларга оид образларнинг уйғунлашуви Беруний илмий меросининг яна бир муҳим жиҳатини — цивилизациялар ўртасидаги билим алмашинувини ифодалайди.

Ҳиндистонни ўрганган ва унинг маданиятини англашга интилган олим

Берунийнинг Ҳиндистондаги фаолияти унинг илмий меросида алоҳида ўрин тутади. У мамлакатнинг тарихи, географияси, фалсафаси, санъати, урф-одатлари ва диний қарашларини ўрганган.

Тўплаган маълумотлари асосида яратилган “Ҳиндистон” асарида ҳинд халқининг ҳаёти, маданияти ва диний қарашлари холисона тасвирланган. Беруний турли эътиқодларга ҳурмат билан ёндашиб, маданиятлараро мулоқот ва ўзаро англашув ғояларини илгари сурган.

У юнон илмий меросининг муҳим намуналарини, жумладан, “Алмагест”ни санскрит тилига таржима қилган. Санскрит тилидаги илмий асарларни эса араб тилига ўгирган.

Шу тариқа Беруний икки хил илмий ва маданий муҳит ўртасида билимлар алмашинувига хизмат қилган. Унинг бу фаолияти бугунги кунда ҳам цивилизациялар ўртасидаги илмий мулоқотнинг ёрқин тарихий намунаси сифатида аҳамиятлидир.

Рангларда акс этган Беруний олами

-“Абу Райҳон Беруний” маҳобатли рангтасвир асарининг аҳамияти шундаки, унда алломанинг ҳаёти ва илмий мероси алоҳида фактлар йиғиндиси сифатида эмас, балки яхлит бадиий ҳикоя тарзида намоён бўлади. “Буюк сиймолар галереяси” фойесидаги ушбу асарга қарар экан, томошабин Берунийнинг Қотдан бошланган ҳаёт йўлини, унинг турли юртларга қилган сафарларини, юлдузларни кузатганини, Ерни ўлчаганини, минерал ва доривор ўсимликларни тадқиқ этганини, турли халқлар маданиятини ўрганганини бир композицияда ҳис этади. Бу — бир инсон ҳаётининг эмас, бир буюк тафаккур оламининг тасвири. Беруний илмий меросининг қудрати ҳам шунда: у ўз даврида мавжуд бўлган билимларни шунчаки жамламаган, балки уларни кузатиш, таҳлил, ҳисоб-китоб ва мантиқий хулосалар асосида бойитган. Унинг асарлари орқали илм-фаннинг турли соҳалари ўзаро боғланган, - деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими, профессор Зоҳидулла Мунавваров.

Бугун эса бу мерос Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида рангтасвир тилида қайта жонланмоқда.

“Абу Райҳон Беруний” маҳобатли рангтасвир равоғи буюк алломанинг хотирасига бағишланган асар бўлиш билан бирга, илмга бўлган юксак эҳтиромнинг ҳам ифодасидир. У томошабинни нафақат тарих билан таништиради, балки Беруний сингари изланиш, савол бериш, кузатиш ва кашф этишга ундайди.

Зеро, асрлар оша бизга етиб келган Беруний даҳоси бир ҳақиқатни эслатади: илм билан орттирилган мерос вақт ва макон чегараларини тан олмайди.