“Буюк ипак йўли” сайёҳлик маркази
“Буюк ипак йўли” сайёҳлик маркази
Қадимий эртаклар олами, тарихий обидалар дунёси бўлган Самарқандда “Буюк ипак йўли” сайёҳлик маркази барпо этилди. 200 гектардан ортиқ ушбу кўркам маскан уч-тўрт йил ичида барпо этилди. Ана шундай катта майдонда янги шаҳарча қад ростлади. Қисқа вақтда унинг қурилиши улуғ аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга ҳамоҳанглиги билан эътиборни тортади. Уларда кўҳна тарих билан замонавий ҳаёт нафаси уйғунлик касб этган. Шу боис, тез фурсатда марказ Самарқанднинг ўзига хос ташриф қоғозига, дунёга очилаётган юртимизнинг янги дарвозасига айланди.
Мутахассис ва тадқиқотчилар фикрича, марказнинг “Буюк ипак йўли” деб номланганида чуқур маъно бор. Президентимиз Шавкат МИрзиёев мажмуанинг очилиш маросимида таъриф берганидек, асрлар давомида Хитойнинг қадимий Сиан шаҳридан бошланиб, дунёнинг кўплаб мамлакатлари ҳудудидан ўтган ва кўҳна Римга қадар етиб борган бу улкан савдо йўли жаҳон халқлари ўртасидаги иқтисодий, маданий-маърифий мулоқот воситаси бўлиб келган.
Азим Самарқанд эса Буюк ипак йўли чорраҳасидаги асосий манзиллардан бири бўлган. Шунинг учун янги марказдаги биноларда ана шу даврга оид тарихий манзаралар ўз ифодасини топган.
Бу ерда Германия, Бельгия, Италия ва Нидерландиядан келтирилган 50 мингдан ортиқ атиргул парваришланяпти. Умуман олганда, бу масканда 280 минг туп манзарали дарахт ва бута экилди, 170 гектар яшил ҳудуд яратилди.
Йилига 2 миллион сайёҳга хизмат қиладиган бу кўп тармоқли марказ таркибида “Боқий шаҳар” мажмуаси ва бошқа кўплаб иншоотлар бор.
Самарқанд қадимий шон-шуҳратини янгича мазмун ва шаклда қайта тикламоқда. Буни Буюк Британиянинг нуфузли “The Times” нашри ҳам эътироф этди. Нашр дунёда бориб кўрилиши зозим бўлган жозибали мавканларни тавсия этар экан, улар орасида Самарқанд шаҳрини ва эътиборли томони, унинг яқинида жойлашган “Буюк ипак йўли” сайёлик марказини алоҳида қайд этди.




