Бурсада Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти маркази

Бурсада Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти маркази

 

eryrvaprvaacp.jpg 

 

         Туркиянинг қадимий Бурса шаҳридаги Улудағ университетида Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти маркази очилиди.

         Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов ушбу тадбир иштирокчиларини тарихий воқеа билан қутлаб, мазкур  марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан очилаётганини қайд этди. У шунингдек, яқин орада Ўзбекистонда ҳам Туркиянинг Юнус Эмро фонди ваколатхонаси очилиши кутилаётганини ҳам маълум қилди.

         Бу марказ қадимий ва замонавий туркий тиллар, туркий халқлар адабиёти бўйича илмий тадқиқотлар олиб борувчи ёш олимлар, тарихчилар, этнографлар учун керакли зарурий манбалар билан таъминланади. Қолаверса, марказ икки университет ўртасида ўқитувчилар ва талабаларнинг ўзаро тажриба алмашинуви учун ҳам хизмат қилади. 

         Шунингдек, бу ерда турк қардошларимиз, Туркия ёшлари Ўзбекистон ҳақида, унинг тарихи, бугуни ва эртаси хусусида кенг маълумот олишлари учун барча имкониятлар яратилади.

         Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан ушбу марказга 200 дан ортиқ илмий, бадиий ва оммабоп китоблар, ўзбек миллий амалий санъат буюмлари, чолғу асбоблари совға қилинди.   

 

Мазкур марказда бундан буён мунтазам равишда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтиши, ўзбек олимлари ва шоирлари, ёзувчилари, санъат вакилларининг учрашувлари ўтказилиши, шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва истиқболи ҳақида турли маърузалар ташкил этилишига келишиб олинди.

ЎзА