Бухородаги 7 та маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига номзод сифатида тайёрланди
Бухородаги 7 та маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига номзод сифатида тайёрланди

Бугунги кунда Бухоро вилоятида 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган.
Шундан, 287 таси археология ёдгорликлари, 507 таси архитектура объектлари, 17 таси монументал санъат ҳамда 18 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.
Вилоятда жойлашган беқиёс қимматга эга бўлган маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбарининг 2020 йил 2 мартдаги фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” да амалга оширишга оид Давлат дастурининг “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” деб номланган 4-бўлими 223-бандида жаҳон маданиятига муносиб ҳисса қўшган юртимизнинг маданий меросини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш вазифаси алоҳида белгилаб қўйилган.
Вилоят маданий мерос бошқармасининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси билан биргаликда Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институтини жалб қилган ҳолда “Ипак йўли: Зарафшон дарёси ва Қайроқум йўналиши” (Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон) чегералараро обидалари қаторида Бухоро вилоятида жойлашган Чор-Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси ва Чашмаи Аюб мақбараси архитектура объектлари ҳамда қадимги Пойкент, Варахша ва Вардонзе шаҳар қолдиқларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича, халқаро мезонлар асосида номзодлик ҳужжатлари тайёрланмоқда.
Бу эса ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар сонининг ортишига ва республикамизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонининг кўпайишига олиб келиши шубҳасиз.
ЎзА

Чор-бакр мажмуаси

Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси

Вобкент минораси

Чашмаи Аюб мақбараси

Пойкент қолдиқлари

Кўҳна Варахша

Вардонзе қўрғони қолдиқлари




