Бухорода маданият ва тарих музейи қурилади
Бухорода маданият ва тарих музейи қурилади

Бухоро ситида Бухоро маданияти ва тарихи музейи тарихий обидалар меъморий шаклида қурилади.
Бухоро шаҳрининг Ҳофиз Таниш Бухорий, Зулфия, Қаюм Муртазоев, Иброҳим Мўминов ва Саноатчилар кўчаларига туташ ҳудудларда самарасиз фойдаланилаётган объектлар, бино ва иншоотлар эгаллаган 83 гектар майдонда жами 73та лотдан иборат Bukhara City лойиҳасини амалга оширишга киришилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 550 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шунингдек, Бухорода илк бор 1,1 гектарда 32 қаватли бино, 1,7 гектарда экспомарказ ҳамда 1,4 гектарда технопарк ҳам айнан ушбу ҳудудда қурилиши кўзда тутилган.
Бухоро сити марказида қад ростлаши кутилаётган яна бир муҳим иншоот — қадимий шарқона усулда гумбазсимон қилиб қурилган, яъни, мавжуд тарихий обидалар кўринишидаги уч-тўрт қаватли музейдир. Бу бинонинг умумий майдони 9 минг 354 метр квадратдан иборатдир. Ундан 6та экспозициядан иборат Бухоро тарихи, табиати ҳамда тасвирий санъатини ўзида акс эттирган 125 мингга яқин экспонат ўрин олиши кўзда тутилган. Лойиҳага биноан, музей биносида анжуманлар зали, фонд захира хоналари, фитобар, офислар ҳамда кутиш зали ташкил этилади.
Туркиянинг Studio Vertebra компанияси меъмор-мутахассислари томонидан лойиҳалаштирилаётган иншоотнинг умумий қиймати 6,9 миллион АҚШ долларига баҳоланган. Музей қурилиши 2021 йилда бошланади.






