Бразилия ташқи ишлар вазири Мауро Виейра Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Бразилия ташқи ишлар вазири Мауро Виейра Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Бразилия Федератив Республикаси ташқи ишлар вазири Мауро Виейра Ўзбекистонга амалга ошираётган расмий ташрифи доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди.

Ташриф давомида меҳмон Марказнинг бой экспозициялари, нодир тарихий артефактлари ҳамда замонавий интерактив ечимлари билан яқиндан танишди.

Мауро Виейра ушбу ташриф унинг Бразилия ташқи ишлар вазири сифатида Ўзбекистонга амалга оширган илк ташрифи эканини, шунингдек, Бразилия ташқи ишлар вазирининг мамлакатимизга тарихдаги биринчи расмий ташрифи сифатида алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

 — Бугун бу ерда бўлиш мен учун катта мамнуният ва юксак шарафдир. Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази менда жуда катта таассурот қолдирди. Бу ҳақиқатан ҳам ноёб ва ҳайратланарли маскан. Бундай муҳташам бино ва юксак аҳамиятга эга муассасани кўриш мен учун катта бахт бўлди. Марказ нафақат ислом цивилизациясининг бой меросини намоён этади, балки Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясидаги муҳим ўрнини ҳам ёрқин акс эттиради, — деди Бразилия ташқи ишлар вазири.

Меҳмон дастлаб Марказнинг асосий кириш қисми ҳисобланган Самарқанд портали билан танишди. Ушбу портал Самарқанддаги Регистон ансамбли таркибига кирувчи Улуғбек мадрасаси безаклари услубида яратилгани айтиб ўтилди.   

Фойе қисми бўйлаб жойлашган 14 та ярим овал равоқда Ўзбекистоннинг бой тарихи, буюк алломалар ва давлат арбоблари ҳаёти микромозаика санъати орқали тасвирланган. 110 хил рангдаги тошлардан хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда яратилган ушбу фрескаларда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс намояндалари — Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамда жадид маърифатпарварлар сиймолари акс этган.

Ташриф давомида меҳмон Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлими, Буюк Ипак йўлига бағишланган интерактив харита, қадимги Фарғона ва машҳур “учар отлар” ҳақидаги экспозициялар билан ҳам танишди.

Биринчи Ренессанс залида муқаддас Каъба эшигининг нусхаси, 1988 йилда ишлатилган каъбапўшнинг асл намунаси, шунингдек, Миср мамлуклари даврига оид Каъба калитлари ва Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз томонидан Ўзбекистон раҳбарига тақдим этилган Кисва парчаси ҳақида меҳмонга маълумот берилди.  

Иккинчи Ренессанс бўлимида Мауро Виейра сунъий интеллект технологиялари асосида яратилган Мирзо Улуғбекнинг интерактив сиймоси билан танишди. Шунингдек, у Мирзо Улуғбек расадхонаси макети, астрономик асбоблар, қўлёзмалар ва кулолчилик намуналарини ҳам кўздан кечирди.

Меҳмонга “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” экспозицияси ҳам намойиш этилди. Унда мамлакатимизда кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ташқи сиёсатдаги ютуқлар ҳамда халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Айниқса, “Ташқи сиёсат” бўлимида Ўзбекистон Президентининг хорижий ташрифлари ва жаҳон етакчилари билан учрашувларига бағишланган интерактив материаллар меҳмонда катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф доирасида Бразилия ташқи ишлар вазири Қуръони карим зали билан ҳам танишди.

Ташриф якунида Мауро Виейра Марказнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз қайдини ёзиб қолдирди.