Бошқа давлатлар учун намуна
Бошқа давлатлар учун намуна

Олий Мажлис Сенатига Марказий Осиё мамлакатлари омбудсманларининг биринчи халқаро форуми доирасида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон болалар омбудсманлари, шунингдек, Норвегия, Хорватия ҳамда Европа болалар омбудсманлари тармоғи (ENOC)га раислик қилаётган Финляндия болалар омбудсманлари ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асослари ва ушбу соҳада парламент назоратининг самарали амалга оширилиши алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимизнинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тажрибаси, жумладан, парламентда Болалар ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳар йили болаларнинг аҳволи ҳамда қонунчилик ҳолати тўғрисидаги ҳисоботини тақдим этиши бошқа давлатлар учун намуна сифатида эътироф этилди.
Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ва улар тавсия қилган чора-тадбирларни амалга оширишда парламент, давлат ва нодавлат ташкилотларнинг фаол иштироки юзасидан фикр алмашилди.