“Бойсун баҳори“да дунё фольклор усталари баҳслашади            
    
        
        
“Бойсун баҳори“да дунё фольклор усталари баҳслашади
 
 
                Шу йилнинг май ойида кўҳна ва бетакрор Бойсун туманида “Бойсун баҳори“ халқаро фольклор фестивали бўлиб ўтади. Дунё фольклор-этнографик санъати ижрочилари ва шинавандаларини, фольклоршунослар ва соҳа мутахассисларини гўзал тоғлар қўйнида бирлаштирадиган фестивални бу йил тамомила янгича рухда ўтказишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Айни пайтда халқаро фестивалнинг асосий тадбирлари ўтказиладиган Бибиширин маҳалласидаги замонавий туризм мажмуасида фольклор - этнографик жамоаларнинг чиқишлари, миллий спорт ўйинлари ва бошқа турли томошаларни кенг намойиш этиш учун барча қулайлик яратилмоқда.
Фестивалнинг дастлабки куни Термиз шаҳрида халқаро илмий –амалий конференция ташкил этилади. Фольклор санъати байрами кунлари белгиланган дастур асосида миллий таомлар, миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси, вилоят фольклор жамоаларининг концерт дастурлари, ҳаво шарларини учириш, дроншоу каби томошалар кўрсатилади. Фестивалда пойтахтимиз ва вилоятларнинг фольклор-этнографик жамоаларига ҳам кенг ўрин ажратилади. 
Тоғли тумандаги “Хўжамайхона” зиёратгоҳи йўлларида веломарафон мусобақаси ўтказиш ҳам мўлжалланмоқда. “Омонхона” шифобахш булоқ суви, Хўжа Султон Валий, Камари Азиз, Хўжақўчқор ота зиёратгоҳлари, Зовбоши, Кизил каниьон сингари туристик манзилларга, вилоятнинг архелогик обидалари ва тарихий ёдгорликларига саёҳатлар уюштирилади. Варрак учириш, қўчқор, хўроз уриштириш, арқон  тортиш ва бошқа этноспорт беллашувлари, кураш, улоқ-кўпкари мусобақалари фестиваль меҳмонларида бой таассурот уйғотади. Халқаро фольклор-этнографик жамоалар кўрик-танловида дунё халқларининг ноёб қадимий санъатлари барчага ўзгача завқу шавқ улашади.
Маълумотларга кўра, халқаро кўрик-танловда ҳозиргача Буюк Британия, Бельгия, Исроил, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Руминия, Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон каби ўн бешга яқин давлатдан машҳур фольклор жамоалари иштирок этиш истагини билдирган. 
Фестивалда мамлакатларининг қадимий санъатини намойиш этиб, халқаро кўрик-танловда қатнашиш учун чет давлатлардаги фольклор жамоаларидан таклифлар келиши давом этмоқда.