“Биз кутгандан ҳам юқори!” — KIND директори Марказ ҳақида

“Биз кутгандан ҳам юқори!” — KIND директори Марказ ҳақида

Халқаро майдонда 2026 йилда очилиши энг кўп кутилаётган музейлар рўйхатига киритилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Корея халқаро инфратузилма ва шаҳарсозликни ривожлантириш корпорацияси (KIND) президенти бошчилигидаги делегация ташриф буюриб, музей экспозицияларида намойиш этилган қадимий шаҳарлар хариталари, Жарқўтон топилмалари, Байт ул-Ҳикма илмий мероси ва Иброҳим Султон кўчирган Қуръони Карим нусхасига алоҳида қизиқишди.

Меҳмонлар айниқса экспозициянинг “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да акс эттирилган, исломдан аввалги даврга оид Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган қадимий шаҳарлар хариталари ва тарихий маълумотларга катта қизиқиш билдирди. Улар ҳудудий чегаралар, қадимги шаҳарларнинг жойлашуви ҳамда ушбу цивилизацияларнинг минтақа тараққиётидаги ўрни юзасидан кўплаб саволлар билан мурожаат қилди.

Делегация аъзоларини пиктографик ёзув намуналари, сопол буюмлардаги илк ёзувлар ҳамда Жарқўтон ёдгорлигидан топилган милоддан аввалги II минг йилликка оид археологик топилмалар муляжлари ҳам бефарқ қолдирмади. Хусусан, Хоразм цивилизацияси бўлимида намойиш этилган зиг-заг шаклидаги сув кўтаргич макети қадимий муҳандислик тафаккурининг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилди.

Меҳмонлар эътиборини тортган яна бир ноёб экспонат Кофирқала дарвозаси парчасидир. VI асрга оид ушбу ёдгорликдаги мураккаб нақшлар, бўртма тасвирлар ва рамзий безаклар делегация вакилларида катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг маъно-мазмуни юзасидан қизғин савол-жавобларга сабаб бўлди.

Музейнинг Биринчи Ренессанс даврига бағишланган экспозиция қисмида намойиш этилган “Сирли табиат ўйини” интерактив экспозицияси ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Гербарий элементларини ўзаро уйғунлаштиришга асосланган ушбу ўйин делегация аъзолари томонидан катта қизиқиш ва завқ билан синаб кўрилди. Шунингдек, қадимий илм маскани бўлган Байт ул-Ҳикма фаолияти ҳақидаги маълумотлар ҳамда Абу Райҳон Беруний яратган глобус илм-фан тарихидаги улкан ютуқлар сифатида алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, делегация аъзолари Имом Бухорий ҳаёти ва илмий мероси ҳақида чуқур қизиқиш билдириб, ҳадис илмининг моҳияти, унинг ислом маданиятидаги ўрни юзасидан саволлар билан мурожаат қилди.

Иккинчи Ренессанс даврига оид экспозицияларда эса Цивилизациялар ва кашфиётлар деворидан ўрин олган ранг-баранг миниатюралар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Тасвирлардаги нозик детал ва ранглар уйғунлиги юксак бадиий анъаналарни намоён этиши таъкидланди. Шунингдек, ХV асрга оид, Иброҳим Султон томонидан кўчирилган Қуръони Карим нусхаси делегация аъзоларида алоҳида қизиқиш уйғотди.

Ташриф якунида меҳмонлар Марказ экспозицияларининг бой илмий асосга эга экани, интерактив ёндашув ва замонавий тақдимот усуллари орқали минтақа цивилизациялари тарихини чуқур ва таъсирчан тарзда ёритиб берилганини алоҳида таъкидлади.

Со Чанхун, Корея халқаро инфратузилма ва шаҳарсозликни ривожлантириш корпорацияси (KIND) директори:

“Бу ерга таклиф этилганимдан ниҳоятда мамнунман. Марказ экспозицияларини кўздан кечирар эканмиз, у биз кутганимиздан ҳам юқори даражада эканига гувоҳ бўлдик. Қадимий маданиятлар мероси ва замонавий технологиялар уйғунлиги ниҳоятда пухта ва таъсирчан тарзда намойиш этилган.

Мен учун энг катта таассурот қолдирган экспонатлардан бири тарихий тангалар бўлди. Уларнинг бир томонида ҳукмдорлар сиймоси, иккинчи томонида эса давлат арбоблари тасвири акс эттирилгани тарихий рамзийлик ва сиёсий маданият уйғунлигини яққол ифодалайди. Бундай ноёб намуналарни илк бор кўрдим ва улар хотирамда узоқ вақт сақланиб қолади.

Менимча, тарихни ўрганиш орқали ундан сабоқ олиб, келажакда янги ғояларни шакллантириш мумкин.  Айниқса, ёш авлод бу ерга ташриф буюрганда, улар учун янги ғоялар манбаи, илҳом ва изланишларга ундовчи катта имкониятлар очилишига ишонаман.”