Барча давлат ва халқларнинг манфаатлари учун бирдек долзарб таклиф ва ташаббуслар
Барча давлат ва халқларнинг манфаатлари учун бирдек долзарб таклиф ва ташаббуслар

Ўзбекистон ЮНЕСКОнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтариш учун изчил ҳаракат қилмоқда. Жумладан, 2027 йилгача бўлган беш йиллик ҳамкорлик дастури самарали амалга оширилмоқда. Буюк аждодларимиз — Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзоднинг юбилейлари, Хоразм Маъмун академияси сингари илмий даргоҳлар, “Алпомиш” эпоси каби адабий ёдгорликларнинг тарихий саналари халқаро миқёсда кенг нишонланди.
ЮНЕСКО шафелигида “Шарқ тароналари”, “Мақом санъати”, Бахшичилик, Ҳунармандчилик, Этноспорт фестиваллари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуси билан “Хива жараёни: Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш” резолюцияси, (2021 йил), “Кичик ёшдаги болаларга ғамхўрлик қилиш ва таълим бериш бўйича Тошкент декларацияси” ҳамда “Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси” (2023 йил) каби муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон ҳамиша ЮНЕСКО ишига муҳим ҳисса қўшиб келаётган давлат сифатида унинг фаолиятини янги мазмун билан бойитиш учун ўз таклиф ва тавсияларини илгари суриб келган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқида ҳам кун тартибидаги асосий масалалар бўйича қатор таклифларни илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари инклюзив таълимни ривожлантириш платформасини жорий этиш, таълим соҳасида ўзаро билим ва тажриба алмашиш учун халқаро мулоқот форматини яратиш мақсадида Жаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш бўйича таклифни илгари сурди. Шунингдек, президентимиз Сунъий интеллектни таълим тизимига кенг жорий этиш мақсадида юртимизда ЮНЕСКО иштирокида “Сунъий интеллект – мактаб” намунавий лойиҳасини амалга оширишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, ЮНЕСКО шафелигида барча қитъаларнинг етакчи олийгоҳлари, педагогика ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирокида Сунъий интеллект этикаси бўйича халқаро экспертлар анжуманини ўтказишни таклиф этди.
Давлатимиз раҳбари конференцияда ноёб мерос объектлари бўлган халқ оғзаки ижодиёти, қўлёзмалар, архивлар ва қимматли тарихий ҳужжатлар, маданий маълумотларни сақлаш, уларнинг барча учун очиқлигини таъминлаш мақсадида яратилган ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантириш, дунё маънавий хазинасини жамлаган ушбу дастур яратилган санани ҳар йили нишонлаш мақсадида 19 ноябрни — Ҳужжатли мерос халқаро куни, деб эълон қилиш, шунингдек, ЮНЕСКО тузилмасига кирадиган Рақамли мерос бўйича халқаро институтни ташкил этиш таклиф қилинди. Бундан ташқари, қадимий Бухорода 2027 йили ҳунармандчилик йўналишида халқаро конгрессни қабул қилиш таклифи билдирилди.
Президентимизнинг хотин-қизларнинг етакчилик қобилияти ва компетенциясини таъминлаш учун аъзо давлатларнинг энг илғор тажриба ва амалиётини ўрганиш, билимлар алмашиш мақсадида Хотин-қизлар етакчилиги бўйича ЮНЕСКО академиясини ташкил этиш, Самарқандда барча қитъаларнинг машҳур тадқиқотчилари, санъат намояндалари, педагог ва ихтирочи хотин-қизларнинг Таълим, маданият ва фан соҳасидаги глобал форумини ўтказиш таклифи бугунги кунда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Медиа саводхонлик — ёшларни манипульятив таъсирлардан ҳимоя қилишнинг энг самарали йўлидир.
Тинчлик ва бағрикенглик — Исломнинг ҳақиқий моҳияти Дунёда динлараро зиддиятлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда бағрикенглик, ўзаро тушуниш ва тотувлик каби умуминсоний ғояларни кенг тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.