Ажиниёз таваллудининг 200 йиллиги муносиб нишонланади
Ажиниёз таваллудининг 200 йиллиги муносиб нишонланади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқимизнинг суюкли шоири Ажиниёз таваллудининг 200 йиллиги ЮНЕСКО доирасида халқаро миқёсда нишонланадиган юбилейлар рўйхатига киритилган.
Ажиниёз Қўсибой ўғли қорақалпоқ халқининг маънавий дунёсининг бойишига катта ҳисса қўшган буюк шахсдир. У қорақалпоқ адабиётида лирика, эпик поэзияни ривожлантириш билан бирга, айтишув жанрининг ҳам маҳоратли ижодкори ҳисобланади. Унинг Қиз Менгеш билан айтишуви шоирлар айтишувининг энг ёрқин намунасидир.
Шоир ижодини халқаро миқёсда тарғиб этиш, асарларини чет тилларига таржима қилиш, шу билан бирга, ижодининг янги қирларини очиш мақсадида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш чора-тадбирлари белгиланган ва амалга оширилмоқда.
Шунингдек, шоир мақбарасини ободонлаштириш, атрофида кўкаламзорлаштириш ишларини ўтказиш, “Ажиниёз боғи”да янги дарахт кўчатларини экиш орқали уни кенгайтириш, асарларини халқимиз, шу жумладан, ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида танловлар ташкил этиш каби аҳамиятли тадбирлар бўйича амалга ошириладиган ишлар, вазифалар белгилаб олинган.




