Археология мероси объектларини муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари

Археология мероси объектларини муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари

vaglvoykprfyukpfpkp.jpg

Моддий маданий мерос объектларининг ажралмас қисми бўлган археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва сақлаш ҳозирги кунда долзарб муаммолардан биридир. Мамлакатимизда археология мероси объектларининг 4200 дан ортиқ экани ҳам маданий меросимизнинг ярмидан кўпи шу турдагиларни ташкил этиши ҳамда мазкур соҳага яраша муаммоларнинг ҳам кўплигини англатади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши моддий маданий мерос объектлари, жумладан, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва сақлашнинг самаралироқ тадбирларини ишлаб чиқишга қаратилган. Шу билан бирга, Маданий мерос агентлигининг вазифа ва функцияларидан келиб чиқиб, археология соҳасига оид баъзи муаммоларнинг ечимини топиш долзарбдир.

 

Археология мероси объектларини сақлаб қолиш ва улардан фойдаланиш учун биринчи навбатда бажарилиши лозим бўлган ишлар жумласига қуйидагилар киради:

 

Жумладан, ҳалокат ёқасига келиб қолган археология мероси объектларининг рўйхатини шакллантириш ва илмий-эксперт кенгашига киритиб, уларда босқичма-босқич зудлик билан археология тадқиқотларини ўтказиш муҳимдир. Агар антропоген ёки техноген сабаблар натижасида йўқолиш хавфи остида қолган объектларни бугун ўрганмасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Улар бутунлай йўқ бўлиб кетиши, моддий маданиятимизнинг маълум бир қисми сифатида ўз аҳамиятини йўқотиши ҳеч гап эмас. Уларни сақлаб қолишнинг оқилона йўли – тегишли қадимий масканларда археология тадқиқоти ўтказиб, музейлаштириш ёки консервациялаш ишларини олиб бориш. Шу билан бирга, янги аниқланган археология мероси объектларини илмий-эксперт кенгашига киритиб, моддий маданий мерос объектлари рўйхатига киритиш чорасини кўриш зарур.

yvkeoyrfyukprfyukrpyukrukr.jpg

Археология тадқиқотлари, жумладан, археология қидирувлари натижасида аниқланган янги объектларни экспертизадан ўтказиб, зудлик билан моддий маданий мерос объектларининг миллий рўйхатига киритиш бугунги кунда талаб этилмоқда. Шунда уларнинг муҳофазаси ишончлироқ таъминланган бўлади. Қолаверса, археология мероси объектларининг каталогини яратишни давом эттириш муҳимдир. Ушбу тадбирнинг амалга оширилиши археология мероси объектларининг оммалашуви, илмий муомалага киритилишига йўл очади. Қазишма ишлари ўтказилган археология мероси объектлари рўйхатини шакллантириш ҳам бугуннинг талаби саналади. Қазишма ўтказилган археология мероси объектларининг рўйхатини шакллантириш орқали моддий маданий меросимизнинг ўрганилиш даражаси ва уларнинг ўрганилмаган қисми ҳақида маълум бир фикр юритиш учун келгусида археология соҳасида амалга ошириладиган ишларни режалаштириш учун асосий йўл кўрсаткич бўлиб хизмат қилади. Қазишма ўтказилган археология мероси объектларини консервация қилиш ва уларни туризм объектига айлантиришга эътиборни кучайтириш зарур.

 

Ҳозирги кунда қазишмалар ўтказилган археология мероси объектларининг деярли ҳеч қайсиси тўлиқлигича консервация қилинмаган. Бу эса археология мероси объектларининг ҳолати ёмонлигича қолиши ва қисман йўқолишига олиб келади. Қазишма олиб борилган археология объектларининг консервация қилиниши йўлга қўйиладиган бўлса, биринчидан, объект сақланиб қолади, иккинчидан, туризм объекти сифатида иқтисодий фойда келтириши мумкин.

 

Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар сирасига қуйидагилар, яъни, археология мероси объектларининг аниқ чегараси ва муҳофаза ҳудудини белгилаш талаб этилмоқда. Бу масканларнинг аниқ чегараси ва муҳофаза ҳудуди белгиланмаганлиги оқибатида хўжалик юритиш субъектлари билан ҳуқуқий муаммолар келиб чиқмоқда. Бунинг олдини олиш учун албатта, биринчи навбатда, уларнинг аниқ чегараси ва муҳофаза ҳудудини белгилаш шарт. Бу ўз навбатида, жуда кўп муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Археология мероси объектларига муҳофаза белгиларини ўрнатиш ҳам фуқароларнинг ушбу тарихий масканлар ҳақидаги хабардорлиги, масъуллигини оширишга хизмат қилишига шубҳа йўқ. Белгиларни ўрнатиш бу  фуқароларга огоҳлантириш ёки аниқ белгиланган ҳудуд эканлигини кўрсатиш бўлади. 

 

Биз жадал ривожланаётган даврда яшамоқдамиз. Бунинг албатта, ижобий ва салбий томонлари ҳам бор. Шунинг учун ҳам ҳозирги пайтда ривожланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш учун аҳоли пунктлари ва қишлоқ хўжалиги экин майдонлари орасида қолиб кетган археология мероси объектларини муҳофаза ҳудуди билан бирга тўсиқлар ёки сим тўрлар билан ўраб олиш зарур. Бу тадбир уларнинг сақлаб қолинишини таъминлайди. 

 

Ҳозирги кунда кўплаб археология мероси объектларидан қабристон сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бу ҳолат археология мероси объектларининг бузилиб кетишига олиб келмоқда. Агар бу муаммо ҳал қилинмаса, археология мероси объектлари бузилишда давом этаверади. Шундай қилиб, археология соҳасидаги баъзи муаммоларнинг ечими ижобий ҳал этилса, бу соҳадаги ютуқлар сари ташланган қадам бўлар эди.

 

А.Яркулов,

Маданий мерос агентлиги бошқарма бошлиғи.

ЎзА