«Ҳар бир экспонат алоҳида кўргазмага муносиб»: “Царское Село” вакиллари Марказ ҳақида
«Ҳар бир экспонат алоҳида кўргазмага муносиб»: “Царское Село” вакиллари Марказ ҳақида
Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги «Царское Село» давлат музей-қўриқхонаси делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг меъморий ечими, музей экспозициялари, ноёб артефактлари ва замонавий музейчилик ёндашувлари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида меҳмонлар Марказни нафақат Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини намоён этувчи йирик мажмуа, балки ўтмиш, бугун ва келажакни боғлайдиган замонавий маърифий макон сифатида баҳоладилар.
«Царское Село» давлат музей-қўриқхонаси директори Ольга Владиславовна Таратынова Ўзбекистондаги ўзгаришлар, айниқса, ёшлар ва маданий меросга бўлган эътибор унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
«Менга Ўзбекистон шаҳарлари жуда тез ўзгараётгандек туюлди. Энг муҳими, бу ўзгаришлар яхши томонга қараб кетмоқда. Бу шунчаки хушомад эмас, менимча, объектив ҳақиқат. Кўчаларда жуда кўп ёшларни, болаларни кўряпман, шаҳарлар тоза ва обод», — деди у.
Меҳмон учун энг кучли таассуротлардан бири Ислом цивилизацияси маркази бўлди.
«Бу марказ мен учун жуда катта таассурот ва кучли ҳис-туйғулар манбаи бўлди. Бундай марказни барпо этиш сиёсий жиҳатдан ҳам жуда тўғри қарор, деб ўйлайман. Бу ерга қанча меҳнат ва куч сарфланганини тасаввур қилиш мумкин. Айтишларича, саккиз йил — бундай улкан мажмуа ва ундаги ниҳоятда нозик, пухта ишлар учун жуда қисқа муддат», — деди музей-қўриқхона раҳбари.
Ольга Таратынова, айниқса, Марказнинг ёш авлод билан ишлашга қаратилган ёндашувини эътироф этди.
«Энг муҳими, марказнинг асосий аудиторияси — ёшлар. Бу ер уларда ўз маданияти ва ўзлигини англашга бўлган ҳурматни янада кучайтиради. Россияда ҳам бугун биз ўз илдизларимизни ўрганиш, халқ ҳунармандчилиги, амалий санъат ва анъанавий маданиятга қайта мурожаат қилишга катта эътибор қаратяпмиз. Менимча, бу борада биз сизлар билан қандайдир маънода параллел равишда ҳаракат қиляпмиз», — деди у.
Унинг фикрича, Марказнинг аҳамияти фақат ўтмишни намойиш этиш билан чекланмайди.
«Мен тушунишимча, бу марказ Ўзбекистоннинг тарихий ўтмишини шунчаки қотириб қўйилган ҳолда акс эттирувчи маскан эмас. Аксинча, у доимо ривожланиб, ўзгариб борадиган, анъанавий амалий санъат ва маданиятни ўрганишни давом эттирадиган, мослашувчан макон. Сизлар жуда яхши иш қилибсизлар. Энди эса ўз маданиятингиз ва унинг ўзига хослигини янада чуқурроқ ўрганиш керак», — деди Ольга Таратынова.
Музей-қўриқхонанинг илмий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ираида Владимировна Ботт эса Марказнинг меъморий ечими ва музей экспозицияларига алоҳида тўхталди.
«Мен бу марказ ҳақида кўп эшитган эдим. Бу ерда улкан ва ҳайратланарли мажмуани кўришни кутгандим. Аммо ҳақиқий таассуротларим кутганимдан ҳам ошди», — деди у.
У, айниқса, Марказнинг тўрт томонга йўналтирилган порталлари, уларнинг ҳудудлар мазмунига мос тарзда безатилгани, қўл меҳнати ва табиий материаллардан кенг фойдаланилганини юқори баҳолади.
«Биз тарихий обидаларни реставрация қилиш ва тарихий материаллар билан ишлаш билан шуғулланадиган инсонлар сифатида бу ердаги иш ортида қанча меҳнат, машаққат ва профессионаллик турганини жуда яхши тушунамиз. Бу — катта ҳажмдаги ва ниҳоятда мураккаб иш», — деди Ираида Ботт.
Бироқ унинг учун Марказнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — экспозициялардаги ноёб артефактлар ва уларни намойиш этишнинг замонавий усуллари уйғунлиги бўлди.
«Мен музей соҳаси вакили сифатида, балки классик, ҳатто консерватив қарашларга эга инсонман. Ахир музейчининг асосий вазифаси — тарихни, буюмлар ва артефактларни асраб-авайлаш. Аммо бу ерда экспозицияларнинг кўргазмалилиги ва интерактивлигидан ташқари, айниқса ёш авлод учун муҳим бўлган жиҳатлар билан бир қаторда, сўнгги йилларда тўпланган мутлақо ноёб экспонатлар борлиги мени ҳайратга солди», — деди у.
«Бу ерда шундай алоҳида экспонатлар борки, уларнинг ҳар бири алоҳида музей кўргазмасига муносиб. Айнан шу жиҳат мени энг кўп ҳайратга солди», — дея таъкидлади Ираида Ботт.
Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат маҳобатли меъморий иншоот, балки тарих, илм-фан, маданият ва замонавий музейчилик ёндашувлари уйғунлашган йирик маърифий платформа сифатида шаклланмоқда.
«Царское Село» музей-қўриқхонаси вакилларининг баҳоси бир ҳақиқатни яна бир бор кўрсатади: Ўзбекистоннинг тарихий мероси бугун фақат сақланмаяпти — у қайта англанмоқда, ўрганилмоқда ва янги авлодга замонавий тилда етказилмоқда.









