Аҳолига тун-у кун хизмат кўрсатадиган кўча
Аҳолига тун-у кун хизмат кўрсатадиган кўча

Президент Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек тумани Ўзбекистон овози кўчасида ташкил этилган гастрономик туризм кўчаси фаолияти билан танишди.
Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 30 апрелда қабул қилинган “Ички туризм хизматларини диверсификация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилган.
Объект 2025 йил сентябрь ойида ишга туширилган. 24/7 режимида ишлайдиган гастрономик ва сервис кўча саналади. Лойиҳанинг бош режаси Россиянинг “City Makers” ва “Люди Архитекс” бюроси томонидан ишлаб чиқилган.
Давлатимиз раҳбари Ислом цивилизацияси маркази мисолида миллийликни тарғиб қилиш, маданий меросимизни асраб-авайлаш устувор вазифа бўлиши кераклигини айтдилар. Юртимизнинг имкониятлари кенг, шу боис юзлаб гастрономик кўчаларни ташкил этиш орқали ҳам иқтисодий, ҳам маданий юксалишга эришиш мумкин. Бундай кўчалар рақобат муҳитини шакллантириб, хизматлар сифатини ошириш ва нархларнинг барқарорлашувига хизмат қилади.
Сирғали, Янгиҳаёт каби ҳудудларда ҳам шундай масканларни ташкил этиш, ҳатто миллий анъаналаримизни акс эттирувчи янги лойиҳалар – масалан, туя миниш каби ноёб хизматларни йўлга қўйиш зарур. Бу эса туризм жозибадорлигини янада ошириб, инсонларда янгиликка интилиш ва қизиқиш уйғотади. Барча ташаббуслар марказида инсон, унинг эҳтиёж ва орзулари туриши керак. Шу боис, фуқаролар билан мулоқот қилиб, айниқса, ёш авлод учун қандай шароитлар яратиш зарурлигини ўрганашимиз лозим.