Алишер Навоий масжиди қайта тикланди
Алишер Навоий масжиди қайта тикланди

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий илм-фан, санъат ва адабиёт ҳомийси эди.
Тақдир у кишини замонанинг улуғ ва шарафли кишиларига яқин қилди, устоз-мураббийлар билан ошно этди. Ёшлик чоғларидан Амир Темур тарихчиси Шарафиддин Али Яздий, Мавлоно Лутфий, Абдураҳмон Жомий каби улуғ мутафаккирларнинг суҳбатидан баҳраманд, уларнинг таҳсини ва ҳайратига сазовор бўлди.
1466-1468 йилларда Алишер Навоий Самарқандда яшади ва Фазулуллоҳ Абулайс мадрасасида таълим олди. 1469 йилда Султон Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллаганда Навоий 28 ёшда, мукаммал билимлар эгаси, юртга танилган шоир ва тажрибали давлат арбоби даражасига етган эди. Бойқаро 1472 йилнинг февралида уни вазир лавозимига тайинлайди ва «Амири Кабир» («Улуғ Амир») унвонини беради. Бу лавозимдан Навоий эл-улус манфаати, шаҳар ва мамлакат ободончилиги, маданият равнақи, адолат тантанаси учун фойдаланадики, буларнинг барчаси пировард натижада Султон Ҳусайн давлатининг барқарорлиги ва нуфузини таъминлади.
Ҳирот бу даврда ниҳоятда кўркамлашди, халқ турмуши яхшиланди, шеърият, нафис санъат турлари ривож олди. Талабалар учун «Ихлосия» мадрасаси, дарвешлар учун «Халосия» хонақоҳи, беморлар учун «Шифоия» шифохонаси, масжиди жоме ёнига қорихона («Дор ул ҳуффоз») қурилди. Улуғ амирнинг кутубхонасида 70 дан ортиқ хаттот ва мусаввир қўлёзмаларни оққа кўчириш, уларни бадиий безаш билан банд эди. Ҳиротда яна «Низомия», Марвда «Хусравия» ва бошқа мадрасалар бино этилди.

Тарихчиларнинг ёзишича, Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳрухий динор миқдорида эди. Улуғ Амир бу даромаднинг кўп қисмини хайрли ишларга сарф қилган. Тарихчи Хондамир Навоий қурган 52 работ, 20 ҳовуз, 16 кўприк, бир қанча тўғон, ариқ, ҳаммом, масжид-мадрасаларни эслайди.
Алишер Навоий қурган мадраса, масжид, такка, работлар юз йиллар давомида Хуросон халқларига хизмат қилди. XIX-XX асрларда Афғонистонда юз берган низо ва тўқнашувларда Ҳирот бир неча марта вайрон этилди, улуғ бобомиз қурган бинолар ҳам жиддий зарар кўрди. Ҳатто Навоийнинг мақбараси ҳам шикастланиш ва қаровсизликдан хароб ҳолга тушди. 2015 йилда ўзбек усталари иштирокида Ҳазратнинг қабртоши ва мақбараси тикланган ва бу ҳол барчамизни севинтирган эди.
Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган қарорига кўра, 2021 йилда аллома таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан Ҳиротдаги бу мақбара таъмирланади.
Туркия Ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TICA) ҳам савобли ишга қўл урди. Туркий халқларнинг ғурури ва ифтихори бўлган улуғ шоир ва мутафаккир томонидан Ҳиротда қурдирилган обидаларни таъмирлаш ва тарихий-меъморий мерос сифатида халққа қайтариш ишларини олиб бормоқда.

Яқинда Ҳиротнинг Гузаргоҳ мавзеида Навоий томонидан қурдирилган жоме масжиди TIKAнинг Ҳирот ваколатхонаси ташаббуси ва молиявий кўмаги билан таъмирланди.
Аслига монанд тарзда амалга оширилган реставрация, қўли гул усталар томонидан ишланган ғиштин ва чўбин безаклар улуғ аждодимиз томонидан меҳр ва эътиқод билан қурдирилган обиданинг янгидан чирой очишига сабаб бўлди.
Қайта тикланган масжиднинг очилишида Ҳирот губернаторининг ўринбосари Нур Аҳмад Ҳайдарий, Ҳирот шаҳри зиёратгоҳлар ва вақфлар бошқармаси директори Абдулхолиқ Ҳақоний, Ҳирот университети ректори Абдулла Файз, гузаргоҳ комплексининг бошқарувчиси Мир Муҳаммад Алем иштирок этди ва Алишер Навоий номи билан боғлиқ тарихий обидаларни тиклаш, реставрация қилиш шаҳар аҳлини жуда мамнун этганини билдирдилар.
TICAнинг Ҳирот минтақаси дастури координатори Али Эргун Чинар Ҳиротда Алишер Навоий ва темурийлар билан боғлиқ осори-атиқаларни таъмирлаш ва тиклаш бўйича ишлар давом эттирилишини маълум қилди.
Жўлибой ЭЛТАЗАРОВ,
“Ипак йўли” туризм халқаро университети
биринчи проректори, филология фанлари доктори, профессор.




