"Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" бугун ҳам айрим муаммоларни ечишда муҳим манба
"Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ" бугун ҳам айрим муаммоларни ечишда муҳим манба

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорликдаги навбатдаги онлайн семинари Туркиянинг Анқара Йилдирим Боязид университети исломий илмлар факультети профессори, ҳадисшунос олим доктор Аҳмад Йилдирим иштирокида ўтказилди.
Онлайн мулоқот “Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан муҳаддислар ва уларнинг ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусига бағишланди. Профессор Аҳмад Йилдирим ҳадис илми тарихи, мовароуннаҳрлик буюк муҳаддислар, машҳур ҳадис тўпламлари ва уларга ёзилган шарҳлар ҳақидаги маърузалари тингланди.
– Тадқиқотларим натижасидан келиб чиқиб, баралла айтишим мумкинки, Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари бугунги глобаллашув жараёнида айрим муаммоли масалаларни ечишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда – деди Аҳмад Йилдирим. – Ушбу асар Ислом оламида бежиз Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба деб эътироф этилмаган. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари дунё илм аҳли наздида ҳозиргача илмий ва амалий аҳамиятини йўқотган эмас. Бугун ҳам ислом дини билан боғлиқ кўп масалаларда бу асар бизга асосий манбаа бўлмоқда.
Семинарда, шунингдек, Имом Термизий, Имом Доримий каби алломаларнинг ислом илми ривожига қўшган ҳиссаси, улар томонидан ёзиб қолдирилган асарлар ва унинг бугунги кундаги аҳамияти тўғрисида маълумот берилди.
ЎзА




