АҚШда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид барпо этилади

АҚШда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид барпо этилади

vkenvnovoyvkreyukpyukp.jpg

Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги (АҚШ) Бош консулхонаси вакиллари Огайо штатининг Цинциннати шаҳрида истиқомат қилувчи ватандошлар учун сайёр консуллик қабули ўтказди.

 

Тадбир давомида Бош консулхона вакиллари «Hamkor Uz Cincinati Association» ўзбек диаспораси ташкилоти раҳбарияти ва фаоллари билан ҳам музокаралар ўтказди. Мулоқот давомида Бош консулхона делегацияси Цинциннати штатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги Ўзбекистон жомеъ масжиди қурилишига тайёргарлик ишларининг бориши билан танишди. Манзилда жойлашган 2,7 гектар майдон кўздан кечирилди.

 

Айни пайтда «Hamkor Uz Cincinati Association» ўзбек диаспораси ташкилоти Огайо штатининг архитектура ва қурилиш компаниялари ўртасида қурилажак бинони лойиҳалаш ва дизайн сметаларини тайёрлаш бўйича танлов эълон қилган. Мажмуа ҳудудида 600-700 кишига мўлжалланган ибодат учун асосий бино, таҳорат олиш хоналари ва бошқа махсус ёрдамчи иншоотлар ва 100 дан ортиқ автомобиль учун тўхташ жойи барпо этилади. Шунингдек, мажмуада «Hamkor Uz Cincinati Association» ўзбек диаспораси ваколатхонаси ҳамда ўзбек тили ва адабиёти, одобнома ва бошқа фанлар бўйича ватандошларимиз фарзандлари ўқийдиган синф хоналари жойлашади.

 

Лойиҳа Америка Қўшма Штатларида яшовчи ватандошлар томонидан амалга ошириладиган эҳсон маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

veovnovoyvpyuapfcuafcupp.jpg

«Hamkor Uz Cincinati Association» раҳбариятига ватандошларимизнинг Цинциннати шаҳрида ўзбек масжидини қуриш бўйича ташаббуси Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан олқишланиши ва бу масала юзасидан республика диний идораси диаспора ташкилоти билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлиги маълум қилинди. Масжид қурилиши якунлангач, Ўзбекистон мусулмонлари идораси республика имом-хатибларидан бирини ушбу масканда диний хизматларни бажаришга юбориш масаласини кўриб чиқишга тайёрлиги ҳам қайд этилди.