АҚШ Савдо вакили: “Ўзбекистоннинг ўз тарихи ва маданий меросига бўлган юксак эҳтиромини кўрдим”

АҚШ Савдо вакили: “Ўзбекистоннинг ўз тарихи ва маданий меросига бўлган юксак эҳтиромини кўрдим”

Баъзан бир мамлакатни англаш учун расмий ҳисоботлар ёки иқтисодий кўрсаткичлар етарли бўлмайди. Унинг ҳақиқий қудрати тарихига муносабатида, маданий хотирасида ва келажак ҳақидаги қарашларида намоён бўлади. АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Марказ бўйлаб саёҳат давомида меҳмонлар нафақат ноёб тарихий мерос билан танишдилар, балки Ўзбекистоннинг кўп асрлик цивилизациявий тараққиёти замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилганига ҳам гувоҳ бўлдилар. 

Ташрифнинг илк дақиқалариёқ меҳмонларда кучли таассурот қолдирди. Айниқса, «Буюк сиймолар галереяси»да жойлашган 14 та муҳташам равоқ делегация эътиборини тортди. Улар орасида Жалолиддин Мангубердига бағишланган равоқ алоҳида қизиқиш уйғотди. Дунё тарихда босқинчиликка қарши жасорати ва озодлик учун кураши билан ўчмас из қолдирган саркарданинг тимсоли меҳмонларни бефарқ қолдирмади. Шунингдек, Амир Темур сиймоси орқали намоён этилган давлатчилик тажрибаси, ҳарбий салоҳият ва стратегик тафаккур ҳақидаги маълумотлар ҳам катта қизиқиш билан кузатилди. 

Саёҳат давомида делегация «Исломдан аввалги давр» бўлими билан ҳам танишди. Бу ерда намойиш этилаётган қарийб уч минг йиллик тарихга эга бронзадан ясалган буғу ҳайкали меҳмонларни ҳайратга солди. Экспозицияда қўлланган замонавий монитор ва мультимедиа ечимлари қадим цивилизациялар тарихини ўзига хос услубда намоён этаётгани алоҳида эътироф этилди. Қадим манбаларда «Тош шаҳар» сифатида тилга олинган Тошкентнинг тарихи ҳақидаги археологик топилмалар, жумладан, шаҳарнинг қадимий ўтмишига гувоҳлик берувчи ноёб тош артефактлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Делегация Биринчи Ренессанс бўлимида ҳам бўлиб, бу ерда жойлаштирилган Мағоки Аттор масжиди макети билан танишди. Бухоронинг энг қадимий меъморий обидаларидан бири ҳисобланган мазкур масжиднинг тарихи ва унинг асрлар давомида сақланиб қолгани меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди. 

Шунингдек, меҳмонлар Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли мамлакат ҳукмдорларига юборган мактублари намуналарини кўрдилар. Араб ёзувида нуқта ва ҳаракатлар тизимининг шаклланишида буюк аллома Маҳмуд Замахшарийнинг беқиёс ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар ҳам делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Экспозициянинг яна бир муҳим қисми — Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги дипломатик ёзишмаларга бағишланган материаллар бўлди. XIV–XV асрлардаёқ Ўзбекистон замини халқаро сиёсий ва савдо муносабатларининг муҳим марказларидан бири бўлганини кўрсатувчи ушбу ҳужжатлар меҳмонлар томонидан алоҳида қизиқиш билан ўрганилди. 

Ташрифнинг энг таъсирли нуқтаси эса Қуръони Карим зали бўлди. Ҳазрати Усмон мусҳафининг айнан шу ерда сақланаётгани, унинг атрофида жойлаштирилган 114 та Қуръон нусхаси ҳамда куфий хатида ипакка битилган улкан композициялар делегацияда унутилмас таассурот қолдирди.

Ташриф якунида Жеймисон Грир Марказ ҳақидаги фикрларини билдириб шундай деди:

— Бу ерда мен энг аввало Ўзбекистоннинг ўз тарихи ва маданий меросига бўлган юксак эҳтиромини кўрдим. Марказнинг қалбида ҳазрати Усмонга тегишли муқаддас Қуръони Карим сақланаётгани ва одамлар уни ўз кўзлари билан кўриш имкониятига эга экани жуда таъсирли ҳолат. Аммо мени янада кўпроқ ҳайратлантирган жиҳат шундаки, бу ерда тарих фақат намойиш этилмайди. У мамлакатнинг бугуни ва эртаси билан уйғунлаштирилган. Олимларингиз, шоирларингиз, мусиқачиларингиз, давлат арбобларингиз ва бутун миллий меросингиз бир маконда жамланган. Шу сабабли Марказ Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатидаги ўзлиги ва руҳини жуда таъсирчан тарзда намоён этади. Менимча, бу лойиҳа Президентингизнинг узоқни кўра билиш қобилияти ва стратегик қарашларининг амалий ифодасидир. У нафақат мамлакат иқтисодиётини дунёга очмоқда, балки ёш авлодга ўз тарихи, илдизлари ва келажакда эришиши мумкин бўлган юксак марраларни кўрсатиб бермоқда. Ўзбекистон тарихи турли даврларда бошқа давлатлар мероси сифатида талқин қилинган ҳолатлар ҳам бўлган. Аммо бу ерда мен халқ ўз тарихини қайта тиклаётганини, уни чуқур ўрганаётганини ва бутун дунёга муносиб тарзда тақдим этаётганини кўрдим. Бу жуда катта ютуқ.

Шунингдек, у кейинги йилларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиққанини таъкидлаб, иқтисодий ҳамкорлик, инвестициялар, таълим ва илмий алмашинув соҳаларидаги имкониятлар тобора кенгайиб бораётганини қайд этди.

Ташриф якунида Жеймисон Грир Марказнинг Фахрий меҳмонлар китобига самимий фикр-мулоҳазаларини ёзиб қолдирди. Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов меҳмонга Ўзбекистон тарихи ва маданий меросини акс эттирувчи эсдалик совғаларини тақдим этди. Бу ташриф яна бир ҳақиқатни тасдиқлади: Ислом цивилизацияси маркази нафақат ўтмишни сақлаётган муассаса, балки Ўзбекистоннинг ким бўлгани, ким экани ва келажакда ким бўлишини дунёга ҳикоя қилиб бераётган маънавий макондир.