“Адолат сайли”
“Адолат сайли”

Гулистон шаҳрида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш мақсадида “Адолат сайли” ташкил этилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Сайил доирасида 20 га яқин давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳуқуқий маслаҳат бурчаклари ташкил этилиб, фуқароларга моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар тайинлаш, кредит ва микроқарзлар олиш, солиқ муносабатлари, экспорт фаолиятини йўлга қўйиш, инвестиция жалб этиш, алимент ундириш, давлат хизматларидан фойдаланиш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Тадбирда давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ органлари, нотариуслар, адвокатлар, “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассислари, интеллектуал мулк соҳаси вакиллари ҳамда бошқа масъул ташкилотлар томонидан аҳолининг мурожаатлари қабул қилиниб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.