Адабиёт орқали бирлик: “Туркий дунё адабиёти” китоблари тақдимоти

Адабиёт орқали бирлик: “Туркий дунё адабиёти” китоблари тақдимоти

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Туркий тилли халқлар ёзувчиларининг “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий конференция доирасида “Туркий дунё адабиёти” туркумидаги янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. 

Мазкур нуфузли адабий-маърифий тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбир туркий халқлар ўртасидаги адабий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, умумий маънавий меросни тарғиб қилиш ҳамда ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Мереке баспалари” нашриёти томонидан нашр этилган “Туркий дунё адабиёти” туркумида  қозоқ тилида туркий адабиётнинг таниқли намояндалари Анарнинг “Қонақ уй болмеси”, Хайриддин Султоновнинг “Бақит жағалауы”, Султон Раевнинг “Топан”, Арслон Койчиевнинг “Туқымқурт” китоблари тақдим этилди. Ҳеч шубҳасиз бу китоблар азалдан тили, дили, маданияти, урф-одат ва анъаналари ўхшаш бўлган туркий халқларни янада яқинлаштиришга хизмат қилади. 

— Барчамиз зиёли сифатида яхши биламизки, бу китобларнинг яратилиши албатта муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда, уларнинг таржима қилиниб нашр этилгани ҳам жуда катта воқеа ҳисобланади. Чунки бу жараён халқлар ўртасидаги маънавий алоқаларни янада мустаҳкамлайди.

Бугунги кунда жаҳон миқёсидаги вазият мисли кўрилмаган даражада мураккаблашиб бораётган бир шароитда яшаяпмиз. Ана шундай даврда ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, азалий қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниҳоятда муҳимдир. Бу йўлда ҳар бир халқнинг қалби ва руҳини ифода этувчи адабиёт, санъат ва маданиятнинг беқиёс имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлигини барчамиз чуқур англаймиз, - деди Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов ўз нутқида.  

Тадбирда қатор нуфузли давлат ва жамоат арбоблари, таниқли ёзувчи ва шоирлар иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов, Халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Мереке Қулькенов иштирок этиб, ўз маърузаларида туркий халқлар адабиётининг бугунги ривожи, унинг жаҳон маданиятидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида фикр билдирдилар. 

— Президентларимиз таъкидлаганидай ҳамиша бизнинг бирлигимиз, аҳил-иноқлигимизни кўролмайдиган кучлар топилган дунёда мана шу ёвуз кучларга қарши мустаҳкам жипслашиб, албатта адабиётларимизнинг, халқларимизнинг қадим ул-айёмдан келган урф-одатлари, анъаналари, қадриятларини ўзимиз улуғламасак биз учун бошқа халқлар, бошқа миллатлар келиб буни авайлаб-эъзозлаб бермайди. Мана шу доирада қиладиган ишларимиз жуда кўп. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида халқаро ёшлар фестивали, Марказий Осиё республикалари ёш ижодкорларининг учрашувлари, танловлар — ҳамма-ҳаммасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун жуда катта имкониятлар яратиб берилган. Жаҳолатга қарши маърифат дейилганда айнан мана шу Ислом цивилизацияси марказида туриб мана шу анжуман бўлаётгани ва шундай гаплар, шундай ҳикматлар айтилаётганининг ҳам мазмун-моҳияти шундан иборат, - деди Сирожиддин Саййид.

Тақдимот жараёнида янги китоблар намойиши муносабати билан рамзий тасма кесиш маросими ўтказилди. Шунингдек, китоб муаллифлари иштирокида ижодий мулоқот ташкил қилиниб, улар ўз асарларининг мазмун-моҳияти, ижодий ғоялари ва туркий адабиётнинг ўзаро таъсири ҳақида сўз юритдилар.

— Қардош Ўзбекистоннинг гўзал Тошкент шаҳрида ўтаётган ушбу адабий тадбирда иштирок этаётганимдан жуда мамнунман. Бу мен учун катта бахт ва фахр, десам муболаға бўлмайди. Бу тадбир жуда муҳим, чунки адабиёт халқларни бир-бирига яқинлаштиради. Бизнинг халқларимиз эса азалдан адабий жиҳатдан бир-бирига яқин бўлиб келган. Шу боис, бугунги кунда ҳам ана шу яқинликнинг давом этаётгани мени алоҳида қувонтиради. Айниқса, ўзбек ёзувчиларининг асарлари Бокуда, озарбайжон ёзувчиларининг китоблари эса Ўзбекистонда нашр этилаётгани — бу адабий алоқаларимизнинг янада мустаҳкамланаётганидан далолат беради. Тилагим, бундай ҳамкорлик ва ижодий алоқалар келгусида ҳам изчил давом этсин ва янада кенгайсин, - деди Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси, Озарбайжон халқ ёзувчиси  Анар.

Тадбир доирасида, шунингдек, адабиёт вакиллари ва мутахассислар — Дидар Қулькенов, Муҳаммад Али, Анар кабилар ҳам сўзга чиқиб, туркий адабиётнинг замонавий тенденциялари, унинг халқаро маданий майдондаги аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

–Тошкент шаҳрида буюк Амир Темурнинг 690 йиллиги жуда юқори савияда нишонланмоқда. Ана шу улкан байрам муносабати билан бугун биз бир қатор китоблар тақдимотини ўтказдик. Бу асарлар қозоқ тилига таржима қилиниб, катта дастур ва лойиҳа доирасида нашр этилди. Ушбу китобларни айнан Ўзбекистонда, Тошкент шаҳрида тақдим этаётганимиздан жуда мамнунмиз. Шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёевга ва Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига чуқур миннатдорлик билдирамиз. Эндиги мақсадимиз – шу каби лойиҳалар орқали туркий халқлар адабиётини ўзаро таржима қилиш, шу орқали маънавиятимизни, тил ва маданиятимизни янада яқинлаштиришдир. Бу эса, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди. Амир Темурнинг 690 йиллиги фақат Ўзбекистон учун эмас, балки бутун туркий дунё учун умумий байрамдир. Бу тадбирнинг айнан Тошкент шаҳрида, Ислом цивилизацияси марказида ўтаётгани менга катта мамнуният бағишлайди. Чунки кўплаб тарихий манбалар ва архивлар айнан шу ерда жамланган. Бу эса нафақат бир халқ, балки барча туркий халқлар учун умумий мерос ҳисобланади. Шу боис, азалдан биродар бўлган халқларимизни бирлаштириб турган улуғ шахсларни улуғлаш барчамиз учун жуда муҳим, деб ўйлайман, - деди, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси, ёзувчи Мереке Кулкенов.

Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, адабий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда умумий маънавий қадриятларни кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

— Туркий дунё адабиётининг тарихи ниҳоятда кенг, илдизлари чуқур ва мазмунан юксакдир. Унинг икки минг йиллик тарихга эгалиги, аввало, мазкур адабиётнинг манбалари қадимий Ўрхун-Энасой ёзма ёдгорликларига бориб тақалиши билан изоҳланади. Шу маънода, бугунги анжуман ва ташкил этилган тадбирни Ўрхун-Энасой битикларидан то XXI асргача бўлган туркий адабиёт тараққиётини қамраб олган муҳим маънавий воқелик сифатида баҳолаш мумкин. Бугун тақдим этилган китобларнинг қозоқ тилида нашр этилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, Қозоғистонда ўзбек, озарбайжон ва қирғиз адибларининг асарларини қозоқ тилига таржима қилиш орқали туркий халқлар адабиётини ўзаро яқинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур ташаббусларнинг яна бир муҳим босқичи айнан бугунги тадбир доирасида ўз ифодасини топди. Келгусида, биз — қирғизлар ҳам ўзбек, қозоқ ва бошқа туркий халқлар адабиёти намояндаларининг асарларини ўз тилимизга таржима қилиш, бу йўналишда зарур тажриба тўплашни мақсад қилганмиз, - Қирғизистон халқ ёзувчиси Арслон Койчиев.