“Абу ал-Муин Насафий” зиёратгоҳи            
    
        
        
“Абу ал-Муин Насафий” зиёратгоҳи
 

 
Юртимизда муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларга бўлган муносабат ўзгача. Зеро, зиёратгоҳларнинг обод қилиниши аждодларга бўлган юксак эҳтиромни билдирса, келажак учун бой маънавий мерос сақланиб қолинишига эришилади. Ана шундай муқаддас масканлардан бири Қашқадарё вилоятининг Қовчин қишлоғида “Абу ал-Муин Насафий” зиёратгоҳи ҳисобланади.
Қовчин қишлоғи Қарши туманидаги қадимий қишлоқлардан биридир.  Қовчин уруғига мансуб кишилари эпчил ва кучли бўлганликлари туфайли  Соҳибқирон Амир Темур ва Бобур қўшинларининг асосий жангчилари бўлишган. Бу ҳақда Ш.А.Яздийнинг “ Зафарнома” ва Бобурнинг  “Бобурнома” асарларида тилга олинади.
Зиёратгоҳ машҳур калом илмининг алломаси Абу ал-Муин Насафий ( 1027-1114)  номи билан аталади. Абу ал-Муин  Насафийнинг тўлиқ исмлари Абу ал-Муъмин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад Макҳул Насафийдир. Абул-Муъмин Насафий ҳақида тарих фанлари доктори, профессор У. Уватов раҳбарлигида нашр қилинган “ Ўзбекистон-буюк алломалар юрти ” номли китобда:   Унинг Насафий нисбаси билан аталиши хусусида эса барча тарихнавислар якдиллик билан бир хил ёзганлар. Шу билан бирга, баъзи манбаларда Насафийнинг бир қанча муддат Самарқандда яшаганлиги ва сўнгра узоқ йиллар Бухорода муқим истиқомат қилганлиги ҳақида ҳам хабарлар келтирилган.  
Абу ал-Муин Насафий “Табсират-ал-адилла фи усул ад-дийн аъла тариқати Аби Мансур ал-Мотуридий” асари орқали шуҳрат қозонган.  “Абу ал-Муин Насафий” зиёратгоҳида хитой ипак қоғозида битилган қўлёзма “Қуръони-Карим” мавжуд. Унинг бўйи 60 см, эни 41 смни ташкил қилиб, ўз даврида уста Зариф деган киши томонидан баландлиги 1 метр 60 см бўлган лавҳ ясалган. Лавҳда ҳижрий йил ҳисоби билан 1266 йил (милодий йил бўйича 1851 йил) ёзиб қолдирилган. Форс тилида бўлган 12 қатор шеър лавҳда ўйиб битилган.