9 ФЕВРАЛЬ – АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН
9 ФЕВРАЛЬ – АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН
Ҳар йили 9 февраль Ўзбекистонда улуғ мутафаккир шоир ва давлат арбоби Мир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратларининг таваллуд топган куни сифатида кенг нишонланади. Шу куни бутун ўзбек халқи шоир хотирасини ёдга олади.
Алишер Навоий милодий 1441 йилнинг 9 февраль, ҳижрий 844 йилнинг 14-рамазон кунида таваллуд топгани қайд этилган. У ўша пайтдаги Темурийлар давлатининг пойтахти ва илмий маркази Ҳиротда уйғур оиласида туғилган. 11 ёшида Сабзаворда Ҳусайн Бойқаро билан танишади ва бу танишув унинг ҳаётида муҳим рол ўйнайди. 16 ёшда Машҳадга бориб ўқийди. Отаси Ғиёсиддин Кичкина Баҳодир вафотидан кейин Самарқандга келади ва икки йил Абу Лайс Самарқандийдан дарс олади. 28 ёшда Ҳиротга қайтган Навоий султон Ҳусайн Бойқаро хизматига киради ва муҳрдор лавозимига тайинланади. 31 ёшда девонбеги лавозимига тайинланган Навоий 37 ёшда Абдураҳмон Жомий тавсияси билан Нақшбандия тариқатига киради.
Атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг буюк мероси нафақат ўзбек, балки жаҳон адабиёти, халқнинг миллий маданияти, адабий-эстетик дунёқарашининг ривожланиши тарихида алоҳида аҳамиятга эга. У ўзининг ўлмас асарларида гуманизмнинг юксак идеаллари ва умуминсоний қадриятларни тараннум этган. Навоий она тилининг улкан имкониятлари, бойлиги ва гўзаллигидан фойдаланиб, миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ўрин эгаллади.
Буюк классикнинг беназир ижоди замондошларга унинг маърифий ғояларини сақлаш ва оммалаштириш бўйича катта масъулият юклайди. Юзлаб йиллар ўтгач унинг асарлари нафақат долзарблигини йўқотмайди, балки бутун дунё адабиётшунослари ва тилшунослари учун бебаҳо қўлланма бўлиб хизмат қилишда давом этади.




