2026-2028 йилларда халқаро имтиҳон харажатлари давлат томонидан қопланади

2026-2028 йилларда халқаро имтиҳон харажатлари давлат томонидан қопланади

 

yvapryvaptvarovarovaprvapryavprvapr.jpg

 

     Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ACCA ташкилотининг Марказий Осиё, Мўғулистон ва Арманистон бўйича раҳбари Жанна Искенова бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

     Унда мамлакатимизда профессионал бухгалтер ва аудиторларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, уларни сертификатлаш ҳамда аудиторлик фаолияти сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

     Музокаралар давомида 2020 йилдан буён ҳамкорликда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Қайд этилганидек, сўнгги беш йил давомида 4 200 нафардан ортиқ мутахассиснинг халқаро имтиҳонлар ва ўқиш харажатлари учун давлат бюджетидан 11,06 миллиард сўм ажратилган. Бу маблағлар молиявий ҳисобот ва аудит соҳасида халқаро стандартларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлашга йўналтирилган.

     Президентнинг 2025 йил 15 сентябрдаги қарорига мувофиқ, 2026-2028 йиллар давомида бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида тегишли фанлар бўйича имтиҳонни муваффақиятли топширган фуқароларнинг дастлабки рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон топшириш харажатлари республика бюджетидан қоплаб берилади. Мазкур қарор молия соҳасида халқаро билим ва кўникмаларга эга мутахассислар сонини янада оширишга хизмат қилади.

     Шунингдек, имтиҳон тўловларига қўшимча чегирмалар бериш имкониятлари, шунингдек, харажатларни қоплаш жараёнида тақдим этиладиган ҳужжатларнинг ҳаққонийлигини тезкор ва ишончли текшириш механизмларини такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

     Учрашув доирасида аудиторлик ташкилотлари фаолияти сифатини назорат қилиш бўйича маслаҳатлашув-семинарлар ташкил этиш, методологик кўмак кўрсатиш ҳамда ахборот алмашинувини кучайтириш юзасидан келишувга эришилди.

     Музокаралар якунида томонлар профессионал бухгалтер ва молиячиларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш, имтиҳон тизимини такомиллаштириш ва аудиторлик фаолияти сифатини ошириш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.