Зурмала ёдгорлигининг устки қисми металлконструкция билан ёпилади
Зурмала ёдгорлигининг устки қисми металлконструкция билан ёпилади

Сурхондарё вилояти Термиз туманидаги Зурмала буддавийлик иншооти 2-3 асрларга оид қадимий ноёб ёдгорлик саналади. У Эски Термизнинг шарқида жойлашган. Қадимшунослар олиб борган тадқиқотлар чоғида бу иншоот Кушонлар салтанати даврига оид буддавийларнинг ступаси экани маълум бўлган.
Термиз милодий 1-3 асрларда Марказий Осиёда буддавийликнинг марказларидан бири сифатида танилган. Шу боис кўҳна бу кентда кўплаб буддавийлик ибодатхоналари барпо этилган.
Зурмала ступасини қуриш учун 1 200 000 та 40х40х10 сантиметр ҳажмдаги хом ғиштлар ишлатилган. Бундан ташқари ступанинг ташқи томони оҳактош ва юқори қисми тўқ қизил ранг берилган пишиқ ғиштлар билан қопланган. Ҳозирда ташқи қопламалар сақланмаган бўлса-да, унинг баландлиги 13 метр диаметри эса 14,5 метрни ташкил этади. Ўтмишда унинг баландлиги 16 метрдан кам бўлмагани айтилади. Ступанинг тепаси гумбазсимон бўлиб, катта цилиндр шаклидаги қолдиқлари кишини ўзининг маҳобати билан беихтиёр ҳайратга солади.
Ёдгорлик яқинида кўплаб тошли оҳактош блоклар, меъморий безак ва рельефлар топилгани ҳам Зурмала ступаси ўз даврида тошли ва рельефли қопламага эга бўлган, дея хулоса қилишга асос бўлади. Археологларнинг таъкидлашича, гумбаз остида буддизмга оид муқаддас китоблар, ҳайкалча ва бошқа табаррук нарсалар сақланган.
Дунё сайёҳларида катта қизиқиш ўйғотаётган мазкур ёдгорликни авайлаб асраш ва асл ҳолида сақлаб қолиб, келгуси авлодларга етказиш учун унинг устки қисмини металлконструкция билан ёпиш мўлжалланмоқда.
ЎзА




