Жума – миллий либослар куни
Жума – миллий либослар куни
Бухоро вилоятида ҳам ҳафтанинг ҳар жума куни “Миллий либослар куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Миллий либосларни тарғиб қилиш ва уларнинг қадриятларимиздаги ўрнини юксалтириш мақсадида “Миллий либослар” фестивали ташкил этилди.
Фестивалда Бухоро давлат педагогика институтининг бир ярим мингга яқин талабаси иштирок этди. Миллий либослардаги йигит-қизлар “Янги Ўзбекистон” ҳамда “Миллий либослар” ёзувини ўзига хос тарзда гавдалантирди. Шаҳарнинг сайёҳлар гавжум масканида миллий дўппилар, адрас либослар кийган ёшлар катта кўламли жонли ёзувларни ҳосил қилди.
Миллий либос – бу нафақат анъанавий кийим, балки юртимиз маданияти ва ўзлигимизнинг ажралмас қисмидир. Шу сабаб Бухорода анъанага ўзгача ёндашилади. “Миллий либослар” фестивали учун қадимий Арк қўрғонида жам бўлинди.. Ёшларимиз фахримиз, ифтихоримиз бўлган миллий кийимларда ўзлигини намоён қилишади.
Кўй-қўшиқлар ва рақсларга уланадиган фестиваль қатнашчилари шаҳарнинг қадимий қисми бўйлаб марафон ташкил қилишади. Миллий либослардаги минглаб ёшлар фахр билан қадриятларимизни сайёҳларга намойиш этади. Йўлда уларга ҳамроҳлик қилган сайёҳларга бой маънавий меросимиз, қадриятларимиз ҳақида сўзлаб берилади.