Жонкелдида янги археологик ёдгорликлар топилди
Жонкелдида янги археологик ёдгорликлар топилди

Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармасининг ЎзАга берган маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Миллий археология маркази, Самарқанд археология институти ва Самарқанд Давлат университети мутахассисларидан иборат экспедиция Бухоро вилояти Пешку туманига қарашли Жонкелди қишлоғи атрофи ҳудудларида (2 та ҳудуд: 23500 га ва 6700 га майдонда) археологик ёдгорликларни аниклаш ва хариталаштириш мақсадида дастлабки дала-қидирув ишларини олиб борди.
Қизилқум чўлини археологик ўрганиш ишлари ХХ асрнинг 40-йиллари охирларидан бошлаб амалга оширилган ва бу ердан юзлаб ёдгорликлар, йирик маданиятлар топилди. Илмий муомалага киритилган бўлсада, ҳудудда янгидан-янги моддий маданий манзилларнинг топилиши давом этмоқда. Бухоро вилояти, Пешку туманига қарашли Жонкелди қишлоғи атрофидан ҳозиргача биронта ёдгорлик топилмаган эди. Қизилқум археологиясининг йирик тадқиқотчиси А.В. Виноградов томонидан Жонкелди қишлоғидан 20-25 километрлар чамаси жанубий-шарқдан Тошбулоқ ва Тошқазған топилма жойлари фанга маълум қилинган эди, холос. Бироқ, ушбу ёдгорлик шартномада белгилаб берилган электростанция ҳудуди чегарасидан четроқда жойлашган.
Жонкелди ҳудудида бир вақтлар мавжуд бўлган кремний конлари эҳтимол, кичик бўлганлиги сабабли бузилиб ёки кўмилиб, деярли йўқолиб кетган. Бу ерда тош даври одамлари томонидан ишлов беришга яроқли яшма, кремнийлашган охактош ва кварц учрайди. Ҳудуддаги ботиқлар бўйларида айрим ишлов берилган тош буюмлар ҳам топилди.

Шунингдек, Жонкелди қишлоқ марказидан 10 киломтер шимолий-шарқда жойлашган номсиз ботиқнинг (ҳажми: 10х3 км) шимолий бортидан неолит даврига оид том маънодаги тошга ишлов бериш устахонаси топилди. Устахона денгиз сатҳидан 383 метр баландликда, ҳозирда емирилиб кетган кремний конлари устида жойлашган. Майдони 70х30 метр ва икки томондан жарликлар билан кесилган. Бу ерда кремнийнинг оқ, жигарранг ва кулранг тусдагилари учрайди.




